Украина Россиянинг логистика марказларини бомбардимон қилди. Қурбонлар бор (видео)
World
−
18 July 6794 2 minutes
Бугун, 18 июлга ўтар кечаси Украина дронлари Россиянинг Тамбов ва Москва вилоятларидаги логистика марказларига ҳужум қилди. Оқибатда камида 7 киши ҳалок бўлди, ўнлаб одамлар жароҳатланди. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.
Тамбов вилояти губернатори Евгений Первишовнинг маълум қилишича, дронлар Котовск шаҳридаги Wildberries логистика марказига зарба берган. Ҳужум оқибатида тунги сменада ишлаган 7 нафар ходим ҳалок бўлган. Россия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотига кўра, 25 киши жабрланган. Улардан 22 нафари шифохонага ётқизилган, 5 нафари оғир аҳволда, яна 3 кишига амбулатор тиббий ёрдам кўрсатилган.
Маълум қилинишича, омбор ҳудудидаги очиқ ёнғин бартараф этилган бўлса-да, ёнғинни тўлиқ ўчириш ишлари давом этмоқда.
Wildberries матбуот хизмати дронлар компаниянинг Москва вилоятидаги Электросталь шаҳрида жойлашган логистика марказига ҳам ҳужум қилганини тасдиқлаган. Москва вилояти губернатори Андрей Воробьёвнинг билдиришича, ушбу ҳужум оқибатида 24 киши жароҳат олган, уларнинг бир қисми оғир аҳволда. Омборда юзага келган ёнғинни ўчириш ишлари давом этмоқда.
Шунингдек, Воробьёв дронлар ҳужуми оқибатида Ногинск шаҳридаги нефть базасида ҳам ёнғин келиб чиққанини маълум қилган. Хавфсизлик нуқтаи назаридан нефть базаси яқинида жойлашган туғуруқхона эвакуация қилинган.
Бундан ташқари, Владимир вилояти губернатори Александр Авдеевнинг маълум қилишича, дронлардан бири Владимир шаҳридаги кўп қаватли уй хонадонига урилган ва ёнғин юзага келган. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида жабрланганлар йўқ.
Россия Мудофаа вазирлиги эса Украина ҳужумларига жавобан Россия қўшинлари юқори аниқликдаги қуроллар ва дронлар ёрдамида фақат Украина ҳарбий объектлари ҳамда ҳарбий-саноат корхоналарига зарбалар бераётганини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Украинанинг Николаев шаҳридаги порт инфратузилмасига дронлар билан ҳужум қилиши оқибатида чет эл байроғи остидаги кемада бўлган икки нафар Украина фуқароси ҳалок бўлган эди.
Live
All