Россия Украина портига зарба берди. Қурбонлар бор
Олам
−
17:21 2067 2 дақиқа
Бугун, 17 июль куни эрталаб Россия Украинанинг Миколайив шаҳридаги порт инфратузилмасига дронлар билан ҳужум қилди. Оқибатда чет эл байроғи остидаги кемада бўлган икки нафар Украина фуқароси ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Укринформ” хабар берди.
Қайд этилишича, ҳужум Shahed-238 туридаги жанговар дронлар ёрдамида амалга оширилган. Зарба оқибатида порт ҳудудида турган чет эл байроғи остидаги учта фуқаролик кемасига шикаст етган. Мазкур ҳолат юзасидан Украина Жиноят кодексининг 438-моддаси 2-қисми (Одамлар ўлимига сабаб бўлган уруш жиноятлари) бўйича судгача тергов бошланган.
Прокуратура, терговчилар ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари воқеа жойида иш олиб бориб, ҳужум оқибатларини ҳужжатлаштирмоқда. Шунингдек, Россия Харьков вилоятидаги “Нафтогаз” гуруҳининг газ ишлаб чиқариш объектларидан бирига ҳам йирик дрон ҳужумини амалга оширган. Зарба оқибатида корхона фаолияти тўхтатилган.
Компания маълумотига кўра, ходимлар бошпаналарга жойлаштирилган ва кўрилган хавфсизлик чоралари туфайли ҳеч ким жароҳатланмаган. Ҳозирча етказилган зарар миқдорини аниқлашнинг имкони бўлмаётгани, такрорий зарбалар хавфи сақланиб қолаётгани билдирилган.
Қайд этилишича, жорий йил бошидан буён “Нафтогаз” гуруҳи корхоналарига уюштирилган ҳужумлар сони 250 тага етган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Россиянинг “соя флоти”га тегишли 15 та кемага зарба берган эди.
Live
Барчаси