“Время”да Россиянинг Украианага қарши урушини қоралаган журналист судланяпти
Олам
−
15 Март 2022
10493Кеча, 14 март куни Россиянинг “Биринчи канал”и “Время” кўрсатуви эфирида студияга Украинага қарши урушни тўхтатиш ҳақида плакат билан кириб борган муҳаррир Марина Овсянниковага нисбатан суд иши бошланди. Бу ҳақда “Новая газета” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, суд Марина Овсянникова ишини Россия Федерациясининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 20.2 моддаси 2-қисми (тасдиқланмаган оммавий тадбирни ташкил этиш) билан кўриб чиқмоқда.
Бундан аввалроқ эса, ТАСС давлат ахборот агентлиги Марина Овсянниковага нисбатан россиялик ҳарбийлар ҳақидаги “ёлғон маълумотни оммага тарқатиш” бўйича модда билан терговолди текширувлар бошланганини маълум қилганди.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 14 март куни кечқурун “Биринчи канал” ходими Марина Овсянникова жонли эфирда урушга қарши плакат билан студияга кириб борди. Янгиликлар эълони пайтида у “No war. Урушни тўхтатинг. Пропагандага ишонманг. Бу ерда сизни алдашмоқда. Руслар урушга қарши”, деб ёзилган плакат билан кадрга тушди. Овсянникова режиссёрлар бошқа кадрни қўйиб юбормагунча эфирда бир неча бор “Урушни тўхтатинг! Уруш керакмас!”, деб такрорлаган.
Муҳаррир Москванинг Останкино тумани полиция бўлимига олиб кетилгани хабар қилинган. Бироқ полиция адвокатларга унинг бўлимда йўқлигини айтган.
Украина Президенти Владимир Зеленский янги видеомурожаатида Овсянниковага шахсан миннатдорлик билдирди.
“Ҳақиқатни етказишга ҳаракат қилишдан тўхтамаган руслардан миннатдорман. Дезинформацияга қарши курашаётган ва ҳақиқатни дўстлари, қариндошлари ва яқинларига айтаётганлардан. Шунингдек, шахсан урушга қарши плакат билан “Биринчи канал” студиясига кирган қиздан. Норозилик билдиришдан қўрқмайдиганлардан. Сизнинг мамлакатингиз бутун дунёдан ёпилиб, жуда катта Шимолий Кореяга айланмагунча, курашишингиз керак. Имкониятингизни қўлдан бой бермаслигингиз керак”, деган Зеленский.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15