Россиянинг урушини қоралаган журналист йўқолиб қолди
Олам
−
15 Март 2022
21382Кеча, 14 март куни Россиянинг “Биринчи канал”и эфири вақтида студияга Украинага қарши урушни тўхтатиш ҳақида плакат билан кириб борган муҳаррир Марина Овсянникова йўқолиб қолди. “Медуза” нашрининг “Агора” адвокати Даниил Берманга таяниб, ёзишича, ҳуқуқ ҳимоячилари уни топа олмаяпти.
Қайд этилишича, дастлаб Овсянникова Москванинг Останкино тумани полиция бўлимига олиб кетилгани хабар қилинган. Бироқ полиция адвокатларга унинг бўлимда йўқлигини айтди.
15 мартга ўтар кечаси қўлга олинган журналист “Останкино” телемарказининг навбатчилик хонасидан топилган. Бироқ “Правозащиты” адвокати Анри Цискаришвили у ерга киришга муваффақ бўлганда Овсянникова у ерда бўлмаган. Шу билан бирга, “ОВД-Инфо” манбасининг айтишича, қўлга олинган шахс “Останкино” полиция бўлимида йўқ.
Берман “Медуза”га 15 март куни эрталаб адвокатлар Овсянниковани на “Останкино” навбатчи бўлимида, на шаҳардаги бошқа полиция бўлимларида топа олмаганини тасдиқлаган.
Эслатиб ўтамиз, 14 март куни кечқурун “Биринчи канал” ходими Марина Овсянникова жонли эфирда урушга қарши плакат билан студияга кириб борди. Янгиликлар эълони пайтида у “No war. Урушни тўхтатинг. Пропагандага ишонманг. Бу ерда сизни алдашмоқда. Руслар урушга қарши”, деб ёзилган плакат билан кадрга тушди. Овсянникова режиссёрлар бошқа кадрни қўйиб юбормагунча эфирда бир неча бор “Урушни тўхтатинг! Уруш керакмас!”, деб такрорлаган.
Муҳаррир ҳибсга олинган. Норасмий маълумотларга кўра, унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг янги 20.3.3 моддаси бўйича "Россия қўшинларидан фойдаланишни обрўсизлантириш" бўйича маъмурий баённома тузилиши мумкин. Адвокат Даниил Берман Овсянникова жиноий иш қўзғатилиши мумкинлигини ҳам инкор этмаган.
Украина Президенти Владимир Зеленский янги видеомурожаатида Овсянниковага шахсан миннатдорлик билдирди.
“Ҳақиқатни етказишга ҳаракат қилишдан тўхтамаган руслардан миннатдорман. Дезинформацияга қарши курашаётган ва ҳақиқатни, дўстлари, қариндошлари ва яқинларига айтаётганлардан. Шунингдек, шахсан урушга қарши плакат билан “Биринчи канал” студиясига кирган қиздан. Норозилик билдиришдан қўрқмайдиганлардан. Сизнинг мамлакатингиз бутун дунёдан ёпилиб, жуда катта Шимолий Кореяга айланмагунча, курашишингиз керак. Имкониятингизни қўлдан бой бермаслигингиз керак”, деган Зеленский.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси