Ўзбекистонда кўп нарса ўзгармаган – Агниешка Пикулицка аккредитациясиз қолганига муносабат билдирди
Жамият
−
02 Июнь 2021
9415Аввалроқ, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги “Al Jazeera” телеканали мухбири Агниешка Пикулицка-Вильчевсканинг аккредитацияси узайтирмагани ҳақида хабар берган эдик. Журналист ўзининг Twitter’даги саҳифасида Ўзбекитон ТИВнинг қароридан норози бўлиб пост қолдирди.
“Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги бугун менинг аккредитациямни янгилашдан бош тортганининг ажабланарли жойи йўқ. Улар мен фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситганман, этник ва диний адоватни қўзғатиб, мамлакатнинг ички ишларига аралашганимни таъкидламоқда. Шунингдек, улар ушбу ҳаракатлар бир қатор қонунларга, жумладан “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга зид эканлигини таъкидлашмоқда”, деган Пикулицка.
Польшалик журналист аккредитацияси узайтирилмаганини ўтган йили ТИВда ўзи дуч келган зўравонликларни ижобий ёритиши учун қилинаётган босим эканини иддао қилган.
“Буларнинг барчаси ўтган йили ТИВда мен дуч келган зўравонлик ва воқеаларни ижобий тарзда ёритишим учун менга ўтказилган босимлар ҳамда икки ой давомида ижтимоий тармоқларда радикаллар ва ҳукумат ботлари томонидан уюштирилган нафрат кампаниялари, хавфсизлик хизматлари томонидан босимлар ва дўстларимга нисбатан таъқиблар фонида юз бермоқда”, деган журналист.
Журналист сўнгги уч йилда у билан бирга ишлаган одамлар бу уринишлар уни жим қилишга мақсадида уюштирилаётганини ҳамда Ўзбекистонда кўп нарса ўзгармаганини кўрсатишини таъкидлаган.
“Улар, шунингдек бу менга Ўзбекистондаги адолатсизлик ва инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳақида гапиришимга халақит бермаслигини ҳам билишади. Журналист сифатида бу раддия кўп нарсани англатмайди. Мен аккредитация олганимдан бери Ўзбекистон ТИВ мажбурияти бўлсада, менга бирорта расмий билан интервью уюштиришимга кўмаклашмади”, деб қўшимча қилган Пикулицка.
Журналист сўнгги бир неча ой ичида уни қўллаб-қувватлаган барчага миннатдорлик билдирган.
“Сўз эркинлигини қўллаб-қувватловчи барча инсон ҳуқуқлари бўйича гуруҳлар ва ташкилотларга шу аёнки, ушбу рад этиш ҳолати фақатгина Ўзбекистон ўзгаришларга интилмаётганлигини англатади”, дея сўзини якунлаган журналист.
Агниешка Пикулицкадан қолган хотиралар
Польшалик халқаро мустақил журналист Агниешка Пикулицка-Вилчевска Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги унга аккредитация беришни рад этгани ва ўтган йил аккредитация олганидан сўнг вазирликдан бириктирилган ходим унга шилқимлик қилиб, ўпишга уринганини айтиб чиққанди.
Шундан сўнг, бу ҳолат шов-шувга сабаб бўлди. Вазият юзасидан Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева муносабат билдирди ва айбдор жазоланишини таъкидлади.
Бу орада Пикулицка ТИВга чақиртирилди. Аммо ташкилотдагилар журналист айтаётган ходимни танимаслигини, шунинг учун уни жавобгарликка тортиш имконсизлигини айтгани ҳақида хабар берилди.
Орадан кўп ўтмай, ТИВнинг расмий баёноти эълон қилинди. Унда вазирлик журналист аёлдан узр сўраб, аввал топилмаган “шилқим” ходим ишдан бўшатилганини билдирди.
Бўладиган иш бўлиб ўтганидан кейин Ўзбекистон Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳолат юзасидан баёнот берди ва аккредитация масаласи ижобий ҳал қилинишига умид билдирди.
Кейинчалинҳк журналист Ўзбекистонда ЛГБТ ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келаётган блогер Миразиз Бозоровга оид баёнотлар билан чиққанди.
Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги “ниқобланган ҳолдаги шахсий адовати ёки ҳиссиётини баён этаётган мазкур журналист, маълумотларни гўёки Ўзбекистонда рўй бераётган “салбий ахборот” сифатида бир қатор хорижий интернет-нашрларига тарқатган”ини қайд этиб, уни асоссиз маълумот тарқатишдан тийилишга чақирди.
Пикулицка эса буни “журналист сифатида обрўсизлантиришга уриниш” дея баҳолаб, вазирликдан оммавий кечирим сўрашни талаб қилганди.
LiveБарчаси