Рустам ким? – Вазирлик ходимининг шилқимлигидан шикоят қилган журналист ТИВга чақирилди

Жамият 40688
image

Ўзбекистонда ишлаш учун аккредитация олишга ариза топшириб, уриниши бесамар кетгани етмагандек, Ташқи ишлар вазирлиги ходимнинг жинсий тегажоғлиги ва босимига учраганини айтган польшалик журналист Агнешка Пикулицка-Вилчевска ТИВга чақирилди. Бу ҳақда унинг ўзи маълум қилди.

Агнешка Вилчевска бугун, 2 февраль куни ТИВ вакиллари билан учрашган. Учрашув ҳам эсда қоларли ўтган, негаки у ерда шилқимлик қилгани айтилган Рустам исмли ходимнинг ўзи топилмаган.

“Рустам ким? Ўзбекистон ТИВда жуда ёқимли учрашув бўлиб ўтди. Мени аккредитациядан ўтказиш масаласи очиқ қолмоқда деб айтишди. Мен бу ҳаракатни жуда қадрлайман. Шу билан бирга, менга Рустамнинг хатти-ҳаракатларини ўрганиш мумкин эмаслигини айтишди, чунки ... унинг кимлигини ҳеч ким билмас экан”, деб ёзган Вилчевска Twitter`даги саҳифасида.

Журналистга кўра, Рустам ўтган йили унга аккредитация бериш бўйича йиғилишда қатнашган. Яна у вазир билан интервью ташкил қилишга ёрдам берган.

“Мен уларга ташқи ишлар вазирлигида Рустам билан бир неча бор учрашганимни, у ўтган йили менинг аккредитация бўйича йиғилишимда ҳам қатнашганини тушунтирдим. Ўтган йилнинг март ойида у менга Меҳнат вазири билан интервью уюштириб берганди. Ўшанда вазирликдагилар уни яхши биладиганга ўхшаганди”, деган Вилчевска ТИВда бўлган воқеаларни сўзлаб бераркан.

Польшалик журналист ўзини Рустам деб таништирган йигитнинг исми бошқача бўлиши мумкинлигини ҳам айтиб, шундай деган:

“Кеча бир дўстим мендан Рустамнинг телеграм профилини текширишни илтимос қилди. Аватар бир хил. Кейин рақам кимга рўйхатдан ўтганлигини текширдик ва у “Илҳомака ФБИ”га тегишли эканлиги аниқланди. Шунинг учун мен Ташқи ишлар вазирлигига, эҳтимол улар излаётган йигитнинг оти “Илҳом" бўлса керак деб айтдим”.

Пости якунида Вилчевска “Рустам” тезроқ топшилишига умид билдирган ҳамда у ТИВда бўлмаса, бошқа бирор давлат ташкилотида ишлаши мумкинлигини таъкидлаган.

“Сирли Рустамни қидириш тез орада ижобий натижалар беради деган умиддаман. "Илҳом ФБИ" (ёки эҳтимол Рустам СГБ) Ташқи ишлар вазирлигида ёки бошқа бирон бир ҳукумат тузилмасида топилишига аминман). Барчасидан сизни хабардор қилиб тураман”, дея сўзини якунлаган журналист.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳамон ҳолат юзасидан маълумот берганича йўқ.

Эслатиб ўтамиз, ҳолат юзасидан Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева муносабат билдириб, воқеа айбдорлари жазоланишини билдирди. Шунингдек, у “журналист Агнешка Пикуличка билан содир бўлган воқеа Ўзбекистонда ҳам, бошқа мамлакатларда ҳам мутлақо қабул қилиниши мумкин бўлмаган ҳолат” эканини таъкидлади.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1468
Рейтинг: 3
t
×