Норбоева ТИВ ходими польшалик журналист аёлга тегажоғлик қилганига муносабат билдирди

Жамият

image

Аввалроқ, польшалик халқаро мустақил журналист Агнешка Пикулицка-Вилчевска Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги унга аккредитация беришни рад қилгани бу ҳам етмаганидек, вазирлик ходими унга тегажоғлик қилганини айтиб чиққанди. У шунингдек, ўзига нисбатан босим бўлганини ҳам қўшимча қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан ТИВ ҳамон ҳеч бир муносабат билдирмади. Аммо Олий Мажлис Сенати раиси, Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгаши раҳбари Танзила Норбоева польшалик журналист билан юз берган ҳолатга муносабат билдирди.

“Журналист Агнешка Пикуличка билан содир бўлган воқеа Ўзбекистонда ҳам, бошқа мамлакатларда ҳам мутлақо қабул қилиниши мумкин бўлмаган ҳолат. Ўзбекистон инсон шаъни ва қадр-қимматига тажовуз қилишнинг ҳар қандай шаклига асло тоқат қилмаслик сиёсатига амал қилади.

Агнешка ушбу ҳолатни айтиб мардлиги ва бефарқ эмаслигини намойиш этди”, деган Танзила Норбоева.

У сўзида давом этиб, ҳолат пухта ўрганилиши ва айбдорлар жазоланишини қўшимча қилган.

“Албатта, ушбу ҳодиса пухта ўрганилиб, таҳлил қилинади, тегишли чоралар кўрилади ва айбдорлар жазоланади. Аммо, у республикада амалга оширилаётган барча улкан ислоҳотларга соя солмаслиги лозим. Ўзбекистон демократик давлат ва эркин фуқаролик жамият барпо этиш йўлини танлади ва шу йўлдан қатъият билан қадам ташлашда давом этади”, дея сўзини якунлаган Сенат раиси.

Эслатиб ўтамиз, Агнешка Вилчевска ТИВ унинг аккредитация бўйича сўровига 6 ой деганда рад жавоби берганини маълум қилганди. Шунингдек, у вазирликдан бириктирилган ходим уни ўпишга урингани ва Ўзбекистонда карантин ҳақида ижобий мақолалар ёзишини сўрагани билдирган.


Мақола муаллифи

Теглар

Танзила Норбоева

Баҳолаганлар

559

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг