Халқаро журналист Ўзбекистон ТИВ ходими унга босим ва тегажоғлик қилганини айтмоқда
Жамият
−
01 Февраль 2021
21805Польшалик халқаро мустақил журналист Агнешка Пикулицка-Вилчевска Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги унга аккредитация беришни рад этганини маълум қилди. У ўз Twitter аккаунтида аккредация олиш йўлида қандай муаммоларга дуч келгани ҳақида батафсил маълумот берган.
Пикулицканинг айтишича, ТИВ аккредитация бўйича жавобни қонун бўйича 2 ойда эмас, балки 6 ойда берган. Бунга унинг аккредитация қилинган ОАВдан бошқа ОАВ учун ҳам ишлаши сабаб бўлган.
“Сабаб топиш учун уларга 6 ой керак бўлди”, деган Вилчевска.
1/9 After 6 mths @uzbekmfa finally rejected my application for accreditation (by law they have 2 mths). The reason: I worked for other media not only the one I was accredited for. It took them 6 months to come up with an excuse. Here is a story of my relations w/MFA @k_allamjonov
— Agnieszka Pikulicka (@Aga_Pik) February 1, 2021
Журналист ўтган йил аккредитация олганидан сўнг Ташқи ишлар вазирлигидан бириктирилган “Рустам” исмли ходим унга тегажоғлик қилиб, уни ўпмоқчи бўлганлигини ҳам айтган.
“Ўтган йили мен аккредитация олдим ва ТИВ Рустамни менга бириктирди. Аввал бошида у фойдалидек кўринди, кейинроқ уни ишдан бошқа нарса ҳам қизиқтириши маълум бўлди. У рад жавобини олгач ҳам, мендан учрашишни сўраб ёзаверди”, дейди журналист. Аммо Ўзбекистон ТИВ ходими унга ёзишдан тўхтамаган.
“Бир неча кундан кейин мен ишдан бошқа ҳеч қандай алоқага қизиқмаслигимни хушмуомалалик билан тушунтиирдим. У “Нега? Йигитинг борми?”, дея жавоб қилди. Мен хушмуомала бўлишим керак эди, ахир аккредитацияни 11 ой кутган эдим”, дейди у.
Агнешка Пикулицка-Вилчевска унга босим бўлганлиги ҳақида ҳам ёзган. ТИВ ходими ундан карантин ҳақида ижобий мақола ёзишни сўраган, чунки “салбий янгиликлар кўпайиб кетган”. Журналист бундай мақола ёзмаслигини айтади, чунки ўша вақтда у Ўзбекистонда бўлмаганлигини айтади.
“Жинсий тегажоғлик якунлангач, босим бошланди. Дастлаб бу сезилмасди, у мендан карантин ҳақида ижобий мақола ёзишимни сўради, чунки “салбий янгиликлар кўпайиб кетган”. Мен ёзмаслигимни, негаки ўша вақтда мен Ўзбекистон ташқарисида бўлганимни айтдим”, дейди Вилчевска.
Агнешка Вилчевсканинг қайд этишича, бир неча ой давомида ёпиқ чегаралар сабабли Ўзбекистонга кела олмаган.
“Чартер рейслар бор эди, лекин вазирлик менга чипта сотиб олишга рухсат бермади (барибир, бир томонга чипта 500 АҚШ доллари эди)”, дея ёзган журналист.
У август ойида ТИВ ходими ундан яна ижобий мақола ёзишни сўраганини таъкидлайди.
“Пандемия авжига чиққан пайт, коррупция бўйича низолар, Ўзбекистондаги одамлар тирик қолишга чоралари йўқ бўлган давр, минглаб одамлар Сардоба воқеасидан сўнг яшаш жойларидан ажралган. Миллионлаб муаммолар орасида қандай қилиб ижобий мақола ёза олишимни ундан сўрадим?”
Менга объектив эмаслигимни ва журналист эмаслигимни айтишди. Менинг жаҳлим чиқди ва унинг устидан шикоят ёзишимни айтдим”, деган у. Эртасига эса журналист шикоят ёзган.
Агнешка Вилчевска Рустам Telegram`даги ёзишмаларни ўчирганини, лекин унда скриншотлар борлигини айтган. Шикоят бўйича унга ҳеч ким жавоб қайтармаган. У янги аккредатация учун ариза берган ва 1 февраль куни равд жавоби олган. У рад жавобининг ягона расмий сабаби шунчаки “баҳон” эканини таъкидлаган.
“Ўзбекистон ҳукумати халқаро журналистларнинг муаммолар ҳақида ёзишини хоҳламайди, уларга бундай оммавийлик керак эмас. Улар туризм ва бўлмаган ривожланиш ҳақида мақолалар хоҳлашади. Сизга эслатиб ўтаман, мен бу ерда жойлашган инглиззабон ягона журналистман”, деб якунлайди ҳикоясини журналист.
Агнешка Пикулицка-Вилчевска Ташқи ишлар вазирлиги ходимлари унга ҳар сафар мақола ёзмоқчи бўлганида алоҳида аккредитацияга ариза топширишни маслаҳат беришганлигини ҳам қўшимча қилган.
Ташқи ишлар вазирлиги ушбу ҳолат бўйича ҳозирча изоҳ бергани йўқ.
Аёл журналистлар Коалициясининг аъзоси бўлган Агнешка Пикулицка-Вилчевска Тошкентда фаолият юрутувчи мустақил журналист. Шунингдек, у Тошкентдаги Вебстер университетида ҳам дарс берган.
Вилчевска The Diplomat, Guardian, Al Jazeera, Eurasianet ва бошқа кўплаб инглиз ҳамда поляк тилларидаги халқаро нашрлар учун мақолалар ёзади. Ҳозирда унинг мақолалари асосан Президент Шавкат Мирзиёев даврида Ўзбекистондаги ўзгаришлар ва ўтиш даврида ўзбек жамияти дуч келаётган тўсиқлар ҳақида.
LiveБарчаси