Акс ҳолда, вазирликдан кечирим сўрашни талаб қиламан – Пикулицка ИИВга шарт қўйди
Жамият
−
02 Апрель 2021
21214Аввалроқ Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистонда фаолият юритаётган “Al Jazeera” халқаро ОАВ мухбири Агнешка Пикулицкани Ўзбекистонда ЛГБТ ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келаётган блогер Миразиз Бозоров тўғрисида асоссиз хабарлар тарқатаётганликда айблаганди. Журналист ўзининг Twitter’даги саҳифасида вазирликка жавоб қайтарди.
“Кеча Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги томонидан менга қилинган ҳужум – бу мени журналист сифатида обрўсизлантиришга уриниш. Агар менинг ишим ҳақиқатан ҳам оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонуннинг 3-моддасини бузган бўлса, мен суд олдида жавоб беришни хоҳлайман. Агар йўқ бўлса, мен вазирликдан оммавий кечирим сўрашни талаб қиламан”, деб ёзади журналист.
Польшалик халқаро мустақил журналист Агниешка Пикулицка-Вилчевска Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги унга аккредитация беришни рад этгани ва ўтган йил аккредитация олганидан сўнг вазирликдан бириктирилган ходим унга шилқимлик қилиб, ўпишга уринганини айтиб чиққанди.
Шундан сўнг, бу ҳолат шов-шувга сабаб бўлди. Вазият юзасидан Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева муносабат билдирди ва айбдор жазоланишини таъкидлади.
Бу орада Пикулицка ТИВга чақиртирилди. Аммо ташкилотдагилар журналист айтаётган ходимни танимаслигини, шунинг учун уни жавобгарликка тортиш имконсизлигини айтгани ҳақида хабар берилди.
Орадан кўп ўтмай, ТИВнинг расмий баёноти эълон қилинди. Унда вазирлик журналист аёлдан узр сўраб, аввал топилмаган “шилқим” ходим ишдан бўшатилганини билдирди.
Бўладиган иш бўлиб ўтганидан кейин Ўзбекистон Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳолат юзасидан баёнот берди ва аккредитация масаласи ижобий ҳал қилинишига умид билдирди.
LiveБарчаси