“Журналистнинг Бозоров ҳақида ёзганлари мутлақо асоссиз”. ИИВ Пикулицкани тийилишга чақирди
Жамият
−
02 Апрель 2021
23305Маълум қилинганидек, Ўзбекистонда ЛГБТ ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келаётган блогер Миразиз Бозоров ўз уйи олдида дўппослаб кетилди ва оғир тан жароҳати олди. Ушбу ҳодиса ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.
Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг хабар баёнотига кўра, ушбу “кўпкари”га мамлакатда фаолият олиб бораётган хорижий вакиллар ва журналистлар ҳам қўшилган. ИИВ эътиборни жорий йилнинг февраль ойидан буён Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигидан аккредитациядан ўтиб Ўзбекистонда фаолият юритаётган “Al Jazeera” халқаро ОАВ мухбири Агнешка Пикулицкага қаратган.
Баёнотга кўра, журналист жорий йилнинг 29 мартидан бошлаб Миразиз Бозоров атрофида бўлаётган воқеаларга нохолис ёндашиб ўзининг Twitter ижтимоий тармоғидаги саҳифасида аслида рўй бермаётган воқеаларни ёритиб келмоқда.
Масалан: “Менинг йигитимни махсус хизматлар сўроқ қилишяпти, (у журналист эмас, фаол эмас, фақат кеча мен билан шифохонада бўлган). Бу – нотўғри йўл. Ҳурматли махсус хизматлар, сизлар одамларга ўлдириш билан таҳдид қилаётган радикаллар билан ишни ҳал этинг”.
“Махсус хизматлар гейларни фаол қидиришмоқда. Одамларни расмларини кўрсатиб, уларни гейликда гумонлашяпти. Одамларга ЛБГТ жамоаси хақида маълумот тарқатиш ҳақида босим ўтказишяпти. Эртага бошқалар ҳам сўроқ қилинади. Бу – янги Ўзбекистон”.
“Мен биламан, Махсус хизматлар менинг дўстларимдан гейлар ҳақида сўрашяпти. Мен хорижлик бўлганим учун мени сўроққа чақиришмади. Ишонинг, бу ялмоғизларга ов!”
“Мен, унинг (Миразиз Бозоровнинг) провокациялари ҳақида биламан. Лекин бу унинг оёғини синдиришга баҳона эмас. Унинг гапига биз шубҳа билан қараймиз. Энди барча уни шифохонада хабар олган одамларни ЛБГТ жамоага алоқадорлиги савол туғилмоқда. Менинг йигитим синиб қайтиб келди”.
“Менинг бир дўстим ҳозир ДХХда, 4 ёки 5 соатдан бери. Бошқасини эртага чақиртиришяпти” ва ҳоказолар.
ИИВ Ахборот хизматининг қайд этишича, ниқобланган ҳолдаги шахсий адовати ёки ҳиссиётини баён этаётган мазкур журналист, маълумотларни гўёки Ўзбекистонда рўй бераётган “салбий ахборот” сифатида бир қатор хорижий интернет-нашрларига тарқатган.
“Ваҳоланки, ушбу маълумотлар ҳақиқатга мутлақо мос келмайди ҳамда мамлакатимизнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларини обрўсизлантиришга қаратилганлигининг яққол мисоли”, дейилади баёнотда.
Маълум қилинишича, мухбир Агнешка Пикулицка ўзи тайёрлаётган материалларининг тўғри ёки нотўғри эканини текшириш ва холис ахборот тақдим этиш мажбуриятини унутиб, ахборотни бузиб талқин этиб ва сохталаштириб тарқатган. Шунингдек оммавий ахборот воситалари эркинлигини суиистеъмол қилган.
Ўзининг ҳаракатлари билан, Ўзбекистон Республикасининг “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни 6-моддаси, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонуни 7-моддаси ҳамда “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонуни 6-моддаси талабларини бузган.
“Ҳақиқатга тўғри келмайдиган ахборотни тарқатиб, фуқароларимизнинг онгини чалғитиш, давлат органлари фаолиятига нисбатан ишончсизлик уйғотиш ҳамда хорижий оммавий ахборот воситаларига нохолис маълумотлар етказиб, юртимиз ҳақида салбий фикр шаклланишига сабабчи бўлишдан бу аёлга нима наф?” дея савол қўйган Ўзбекистон ИИВ.
Таъкидлаш жоизки, Пулицка ўзбекистонликларга ўзининг можароли чиқишлари билан анчагина таниш бўлиб қолган.
Польшалик халқаро мустақил журналист Агниешка Пикулицка-Вилчевска Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги унга аккредитация беришни рад этгани ва ўтган йил аккредитация олганидан сўнг вазирликдан бириктирилган ходим унга шилқимлик қилиб, ўпишга уринганини айтиб чиққанди.
Шундан сўнг, бу ҳолат шов-шувга сабаб бўлди. Вазият юзасидан Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева муносабат билдирди ва айбдор жазоланишини таъкидлади.
Бу орада Пикулицка ТИВга чақиртирилди. Аммо ташкилотдагилар журналист айтаётган ходимни танимаслигини, шунинг учун уни жавобгарликка тортиш имконсизлигини айтгани ҳақида хабар берилди.
Орадан кўп ўтмай, ТИВнинг расмий баёноти эълон қилинди. Унда вазирлик журналист аёлдан узр сўраб, аввал топилмаган “шилқим” ходим ишдан бўшатилганини билдирди.
Бўладиган иш бўлиб ўтганидан кейин Ўзбекистон Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳолат юзасидан баёнот берди ва аккредитация масаласи ижобий ҳал қилинишига умид билдирди.
LiveБарчаси