Уруш Украинага ойига қанчага тушаётгани маълум бўлди

Олам

image

Украина ҳукумати “урушни бошқариш” учун ойига 5-6 миллиард доллар сарфлашга мажбур бўлмоқда. Бу ҳақда АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) раҳбари Саманта Пауэр кеча, 21 июнь куни “Олдинга йўл” (The Way Forward) оммавий ток-шоусида Жаҳон банки гуруҳи президенти Дэвид Малпасснинг саволларига жавоб бериш асносида айтиб ўтди.

Пауэрнинг таъкидлашича, бу харажат “ҳайратланарли” ва ҳатто АҚШ маъмурияти Украинага ёрдам сифатида ажратишга тайёрланаётган 7,5 миллиард доллар ҳам уруш харажатларини қоплашга етмайди.

“Биз биламизки, бу маблағ етарли эмас, биламизки, келажакда бундан ҳам кўпроқ тўғридан-тўғри бюджет ёрдами талаб этилади”, дейди USAID раҳбари.

Россиянинг Украинага қарши урушининг узоқ муддатли оқибатлари билан боғлиқ муаммолар ҳақида гапирар экан, Малпасс ва Пауэр глобал озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдидларни муҳокама қилди. Пауэрнинг сўзларига кўра, Путин “озиқ-овқат ва гуманитар ёрдам"ни Украинадаги уруш воситаси сифатида фойдаланиб, глобал очликни қуролга айлантиряпти ҳамда дезинформациядан фойдаланиб, ривожланаётган мамлакатларни уларнинг озиқ-овқат муаммоларининг сабаби санкциялар эканига ишонтиришга ҳаракат қиляпти. Шу тариқа Россия Украинадаги озиқ-овқат экспортини тўсиб қўйганини очликка алоқаси йўқдек кўрсатяпти.

Апрель ойида Жаҳон банки Украина ялпи ички маҳсулоти уруш сабаб ўтган йилга нисбатан 45,1 фоизга тушишини башорат қилган эди. Уруш ва одамларнинг кўчирилиши Украинадаги қашшоқлик даражасига сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин. Қашшоқлик чегарасидан пастда яшаётган мамлакат аҳолисининг улуши (таққослаш мумкин бўлган даромадга эга мамлакатлар учун бу чегара кунига 5,5 долларни ташкил қилади) 1,8 фоиздан 19,8 фоизга кескин ўсиши билан хавф солмоқда.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

27

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг