Ўлгани яхши бўлди – Блинкен Раисийнинг ўлими ҳақида

Олам

image

АҚШ расмий ҳамдардлигига қарамай, Эрон Президенти Иброҳим Раисий вафоти муносабати билан мотам тутмайди. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен кеча, 21 май куни Конгресс Сенатининг Ташқи алоқалар қўмитасидаги тингловда маълум қилди. 

“Биз, албатта, унинг ўлими учун мотам тутмаймиз”, дейди у.  

Давлат департаменти Раисий вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирганига эътибор қаратган сенатор Тед Крузнинг (Техасдан республикачи) изоҳига Блинкен шундай жавоб берди.  

Круз айни пайтда Эрон президентининг вафоти муносабати билан БМТнинг Женевадаги штаб-квартирасидаги байроқлар мотам белгиси сифатида ярмига туширилганини шармандалик деб атади.  

“Биз буни албатта қилмаймиз”, деб таъкидлади АҚШ Давлат котиби. 

Сенатор, шунингдек, Блинкендан Раисийнинг ўлимидан сўнг дунё яхшироқ бўлишига ишонасизми, деб сўради. 

“Унинг Президент сифатидаги даҳшатли хатти-ҳаракатлари ва уларда энди иштирок эта олмаслигини инобатга олсак, ҳа. Эрон халқи, эҳтимол, яхшироқ аҳволдадир”, деб жавоб берган Давлат котиби Блинкен.

Ўз навбатида, сенатор Жон Баррассо (Вайоминг штатидан республикачи) ҳам Давлат департаментини ҳамдардлик билдиргани учун танқид қилиб, қарорни ҳайратланарли деб атади ва уни “даҳшатли хато” деб таърифлади. 

“Биз расмий ҳамдардлик билдирдик, биз буни давлатлар, улар бизга қарши ё йўқ, душманми ёки акси, етакчиларини йўқотганда қиламиз”, деб жавоб берган Блинкен.

20 май куни Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби АҚШ маъмурияти Эрон президентининг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдиришини одатий амалиёт деб атади.

Маълумот учун, 19 май куни Эроннинг Шарқий Озарбайжон вилоятида Эрон Президенти ўтирган вертолёт ҳалокатга учради. Унда мамлакат Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён, Шарқий Озарбайжон вилояти ҳокими Малик Раҳмати ва Табриз шаҳрининг имоми Муҳаммад Али Але Ҳошем ҳам бўлган. Эрон Қизил ярим ой жамияти раҳбари Пир Ҳусайн Коливанднинг айтишича,  ҳалокатда вертолётнинг барча йўловчилари ва экипаж аъзолари ҳалок бўлган. Эрон вице-президенти Моҳсин Мансурий президент ва унга ҳамроҳлик қилаётганларнинг ўлими ҳақидаги хабарларни тасдиқлади.

Эроннинг амалдаги вице-президенти Муҳаммад Мохбер вақтинчалик Эрон Президенти бўлиши маълум қилинганди. Эрон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Али Багери Кани эса собиқ ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён вафотидан кейин вақтинчалик ташқи ишлар вазири вазифани бажарувчи этиб тайинланди. Мамлакат парламенти Ички ишлар қўмитаси раиси Муҳаммад Солиҳ Жокар Эронда навбатдан ташқари президентлик сайловлари келаси 50 кун ичида бўлиб ўтиши кераклигини айтди. Республика сайлов штабининг матбуот котиби Муҳсин Исломий Эронда муддатидан олдин президентлик сайловлари 28 июнь куни бўлиб ўтишини маълум қилди. Эрон олий диний раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий Президент Иброҳим Раисий ва унинг ҳамроҳлари вертолёт ҳалокатида вафот этгани муносабати билан 5 кунлик мотам эълон қилди

Эслатиб ўтамиз, 21 май куни Табриз шаҳрида Иброҳим Раисий ва унга ҳамроҳлик қилган расмийлар билан видолашув маросими бўлиб ўтганди. 22 май куни Эрон пойтахти Теҳрон шаҳрида Президент Иброҳим Раисий билан видолашув маросимида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этиши маълум қилинди.


Мақола муаллифи

Теглар

Иброҳим Раисий Энтони Блинкен

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг