Раисий билан видолашув маросимида Ўзбекистондан ким қатнашиши айтилди
Олам
−
21 Май
21633Эртага, 22 май куни Эрон пойтахти Теҳрон шаҳрида Президент Иброҳим Раисий билан видолашув маросими бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
“Делегациямизга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов бошчилик қилади”, деб ёзган Асадов ўзининг Telegram-каналида.
Аввалроқ, авиаҳалокатда ҳалок бўлган Эрон Президенти Иброҳим Раисий ва унинг ҳамроҳларини дафн этиш маросими 23 май куни кечқурун мамлакат шимоли-шарқидаги она шаҳри Машҳадда бўлиб ўтиши ҳақида хабар берган эдик.
19 май куни Эроннинг Шарқий Озарбайжон вилоятида Эрон Президенти ўтирган вертолёт ҳалокатга учради. Унда мамлакат Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён, Шарқий Озарбайжон вилояти ҳокими Малик Раҳмати ва Табриз шаҳрининг имоми Муҳаммад Али Але Ҳошем ҳам бўлган. Эрон Қизил ярим ой жамияти раҳбари Пир Ҳусайн Коливанднинг айтишича, ҳалокатда вертолётнинг барча йўловчилари ва экипаж аъзолари ҳалок бўлган. Эрон вице-президенти Моҳсин Мансурий президент ва унга ҳамроҳлик қилаётганларнинг ўлими ҳақидаги хабарларни тасдиқлади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Эроннинг амалдаги вице-президенти Муҳаммад Мохбер вақтинчалик Эрон Президенти бўлиши маълум қилинганди. Эрон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Али Багери Кани эса собиқ ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён вафотидан кейин вақтинчалик ташқи ишлар вазири вазифани бажарувчи этиб тайинланди. Мамлакат парламенти Ички ишлар қўмитаси раиси Муҳаммад Солиҳ Жокар Эронда навбатдан ташқари президентлик сайловлари келаси 50 кун ичида бўлиб ўтиши кераклигини айтди. Эрон олий диний раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий Президент Иброҳим Раисий ва унинг ҳамроҳлари вертолёт ҳалокатида вафот этгани муносабати билан 5 кунлик мотам эълон қилди. Марҳумлар билан видолашув маросими эртага, 21 май куни Табриз шаҳрида бўлиб ўтиши билдирилди.