Украинанинг Россияга қарши даъвоси бўйича халқаро суд қачон ўтказилиши айтилди
Олам
−
02 Март 2022
8362Жорий йилнинг 7-8 март кунлари БМТнинг бош суд органи бўлмиш Халқаро суд Украинанинг Киев геноцидда айблаётган Россияга нисбатан вақтинчалик чоралар кўриш талабини кўриб чиқади. Бу ҳақда суд раиси Жоан Донохью маълум қилган.
COVID-19 пандемияси туфайли тингловлар гибрид форматда ўтказилади. Суднинг айрим аъзолари Гаагадаги Адлия саройининг катта залида бўлиб ўтадиган оғзаки тингловларда шахсан иштирок этади. Бошқалар видеоалоқа орқали қатнашади.
Халқаро суд раиси бўлажак учрашув ҳақидаги маълумотни Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирига, нусхасини эса Украина ҳукуматига юборган.
Ҳужжатда айтилишича, суд Украина томонининг геноцид ҳақидаги даъволарини – Геноцид жиноятининг олдини олиш ва жазолаш тўғрисидаги конвенцияга мувофиқ текширишни бошлайди.
Украина Халқаро судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, якуний қарор қабул қилинмагунча Украина халқини ҳимоя қилиш учун “вақтинчалик чоралар” кўришни сўраган. Гап 7-8 март кунлари судьялар ишнинг моҳиятини эмас, фақат “вақтинчалик чора-тадбирлар”ни қўллаш имкониятини кўриб чиқиши ҳақида кетмоқда.
Халқаро суд БМТнинг олтита асосий органларидан биридир. У давлатлар ўртасидаги низоларни ҳал қилувчи универсал характердаги ягона халқаро суд органидир. У Бош Ассамблея ва Хавфсизлик Кенгаши томонидан 9 йил муддатга сайланадиган 15 нафар судьядан иборат.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Суди икки функцияга эга: у давлатлар ўртасидаги низоларни ҳал қилади, шунингдек, Хавфсизлик Кенгаши ва БМТ Бош Ассамблеясининг илтимосига биноан маслаҳат хулосасини чиқаради.
Ҳозирги вақтда Суд статутининг 193 та иштирокчи давлати мавжуд. Уларнинг 90 дан ортиғи унинг мажбурий юрисдикциясини тан олишини эълон қилган. Бундан ташқари, 350 дан ортиқ икки томонлама ёки кўп томонлама шартномалар суднинг низоларни ҳал қилиш ваколатини назарда тутади.
Геноцид конвенцияси 1948 йил 9 декабрда қабул қилинган. Унинг иштирокчилари 152 давлат, шу жумладан Украина ва Россия ҳам ушбу ҳужжатга 1954 йилда қўшилган.
IX моддага мувофиқ Геноцид тўғрисидаги конвенцияни талқин қилиш, қўллаш ёки амалга ошириш билан боғлиқ низолар, шу жумладан геноцид содир этганлик ёки шартномада санаб ўтилган бошқа ҳаракатлар учун давлатнинг жавобгарлиги билан боғлиқ низолар Халқаро судга юборилади. Уларнинг мақсади суд низо бўйича якуний қарор қабул қилгунга қадар вазиятнинг ривожланишини “музлатиш” бўлади.
Россиянинг Украинага босқини
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь