Украинадаги урушда Россия қўшинлари қўмондони ким?
Олам
−
22 Март 2022
24310АҚШ Россия Украинадаги урушга раҳбарлик қилиш учун масъул қўмондон тайинлаганми ёки йўқлигини аниқлай олмади. Бу ҳақда CNN телеканали бир қатор манбаларга таяниб, хабар бермоқда.
Пентагоннинг икки расмийси Украина билан урушда қатнашаётган Россиянинг турли ҳудудларидаги жанговар бўлинмалар ўз ҳаракатларини ягона қўмондонбилан мувофиқлаштириш ўрнига ресурслар учун рақобатлашаётганини айтган.
Нашрнинг ёзишича, Украина ҳудудида турли йўналишларда ҳарбий ҳаракатларга жалб қилинган бўлинмалар ҳалигача бирлаша олмаган ва амалда мустақил равишда, ҳеч қандай оператив режасиз ишламоқда.
Шунингдек, руслар жиддий алоқа муаммосига дуч келгани тахмин қилинмоқда. Аскарлар ва қўмондонлар баъзан одатий мобил телефонлар ва бошқа ҳимояланмаган алоқа каналлари орқали мулоқот қилишади, бу эса украиналик жангчиларга қарши ҳужумлар учун уларни ушлаб қолишни осонлаштиради.
Манбаларнинг таъкидлашича, буларнинг барчаси АҚШ ва Ғарб расмийларини ҳайратда қолдирадиган тартибсиз операцияга олиб келган.
Агарда Россия билдирмай босқинни назорат қилиш учун қўмондонни тайинлаган бўлсаю АҚШ унинг шахсини аниқлай олмаган бўлса, жанговар вазият бу одамнинг “лаёқатсиз” эканлигини кўрсатади.
Шунингдек, Қўшма Штатларда кўплаб юқори мартабали рус зобитлари Украинада ўлдирилгани қайд этилган, бу русларнинг қўмондонлиги ва назорати “муваффақияциз бўлганидан” далолат беради.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси