Украинадаги уруш: Россия Харьков йўналишида олдинга ўтди

Олам 13159
image

Украинаиннг Харьков вилоятида Россия кучлари минтақага йўналтирилган захиралар туфайли бироз олдинга силжиди. Руслар Старий Салтовдан 15 километр узоқликдаги қишлоқни эгаллаб олди. Фронт чизиғи олдинга сурилди, энди руслар Харьковга артиллеря билан зарба бермоқда. Бу ҳақда Украина Президенти девони раҳбари ўринбосари Алексей Арестович маълум қилди.

"Шундай қилиб, Харков [йўналиши]. Биз биламизки, улар важоҳат билан захираларни у ерга ташлаб, шимолдан яна бир оз [ҳудудларни] сиқиб чиқара бошлашди. Улар шарқда бироз жасорат билан илдамлашди”, дейди Арестович.

Кейин Президент девони бошлиғининг маслаҳатчиси Старий Салтов қўлга олингани ҳақида “ваҳимали маълумотлар” борлигини айтган. Бироқ, бу тўғри эмас: Мудофаа вазирлиги спикери Александр Мотузяник брифингда Старий Салтовдан 15 километр узоқликдаги аҳоли пунктининг вақтинча босиб олиниши ҳақида гапирган.

Арестович шунингдек, русларнинг шимолдан олдинга силжиши туфайли Харьковга артиллериядан зарба бериш бошлаганини айтган. Бунгача шаҳар Россия ҳудудидан ялпи ҳужум реактив тизимидан ўққа тутилган.

“Харьковликлар учун ёмон тасалли, чунки артиллерия шаҳарга зарба бера бошлади. Беш-олти кундан бери тинимсиз урмоқда. Ва доимий йўқотишга учраяпмиз. Ундан олдин уларни сиқиб чиқаришди, улар узоқдан – Россия ҳудудидан “Смерч” ва “Ураган” билан уришди. Ҳозир яна тўпга ўтишди. Яъни, Харков йўналишида бизда кичик “хиёнат” бор, улар [босқинчилар] қувонч билан секин ҳаракат қилмоқдалар”, дейди Арестович.

Мансабдорнинг сўзларига кўра, душман аста-секин олдинга силжияпти ва украиналик ҳимоячилар ушлаб турмаган “кулранг” зонадаги аҳоли пунктларини эгалламоқда.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 33
Рейтинг: 3
t
×