Украина – “жиноят жойи”

Олам

image

Россия-Украина уруши бошланганидан буён Украинага нисбатан 21 мингдан ортиқ ҳарбий ва босқинчилик жиноятлари содир қилинди. Ҳозирда бу жиноятлар юзасидан тергов ишлари амалга оширилмоқда. Бу ҳақда Ирина Венедиктова BBC’нинг “World Service Outside Source” дастурида хабар берди.

Украина Бош прокурори Ирина Венедиктованинг айтишича, кунига 200 дан 300 гача уруш жиноятлари содир қилинмоқда. Кўплаб суд жараёнлари сиртдан ўтказилмоқда.

Маълумотга кўра, Бош прокурорнинг жамоаси Украинанинг барча минтақаларида ишлаётган бўлса-да, айрим ҳудудларга кириш имкони йўқлиги сабабли ҳамма ишларни тўғри ва самарали текшира олмаган. Бу гап орқали  Россия қўшинлари томонидан босиб олинган Украина ҳудудларига ишора қилинган.

Шунингдек, Венедиктова май ойида 600 га яқин гумондор шахс аниқланганини ва 80 нафарига нисбатан жиноий иш бошланганини маълум қилди.

Москва тинч аҳолини нишонга олганини бир неча бор рад этганига қарамай, Халқаро жиноий суд Украинани "жиноят жойи" деб таърифлаб, кўплаб терговларда ёрдам бериш учун мамлакатга ўзининг энг катта терговчилар гуруҳини юборган.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Муҳайёхон Ҳабибуллаева


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

32

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг