Украина “украиналикнинг бош суяги” кўрсатилган видео туфайли БМТга мурожаат қилди

Олам

image

Украина Олий Радасининг инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари Дмитрий Лубинец россиялик ёлланма аскар Игорь Мангушев ўзи таъкидлаганидек, “Азовсталь” заводини ҳимоя қилиб, ҳалок бўлган аскарнинг бош суягини намойиш этаётган видеоси юзасидан Россия Федерациясининг Украинадаги эҳтимолий ҳарбий жиноятларини тергов қилувчи БМТ комиссиясига мурожаат қилди.

“Мен бу видео ҳақида БМТ Тергов комиссиясининг фактларни аниқлаш гуруҳи раҳбари Оле Солвангга аллақачон хабар берганман ва Украина Бош прокуратураси билан боғланиш ниятидаман”, деб ёзган Лубинец.

“ЕНОТ” хусусий ҳарбий компанияси (ХҲК) асосчиси ва ўзини “сиёсий стратег” деб атайдиган Мангушев қўлида бош суяги билан томоша ўтказган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган кадрларда у бу (бош суяк – таҳр.) ўлдирилган украиналик аскарнинг қолдиқлари эканини ва Россия “Украина ғояси билан” урушаётганини даъво қилган. Ўз нутқида рус миллатчилик ҳаракати асосида тузилган ХҲК асосчиси Украинага қарши бошқа фикрларни ҳам билдириб ўтган. Хусусан, у “Украина де-украинизация қилиниши керак” ва “ўзини украиналик деб ҳисоблаган ҳар бир киши йўқ қилинади”, деб таъкидлаган.

Дмитрий Лубинецнинг сўзларига кўра, ҳарбий мавзудаги бундай “томоша” ва марҳум Мариуполь ҳимоячисининг “қолдиқлари”ни намойиш қилишнинг ягона мақсади – “ўлган ва бедарак йўқолганларнинг қариндошларига янада оғриқли қилишдир”.

“Руслар ўзларининг тарғиботчилари орқали тинч аҳолини қирғин қилиш ва аҳоли пунктларини вайрон қилишларини оқлаб, Украина халқини инсонийликдан маҳрум қилишда давом этмоқда”, дейди у.

Омбудсман урушда ҳалок бўлганларнинг жасадларига, ҳарбий ёки фуқаро бўлишидан қатъи назар, ҳурмат билан қараш кераклигини эслатган.

“Марҳумларни ҳурмат қилиш нафақат инсонпарварлик, балки марҳумларнинг яқинларига ғамхўрлик қилишдир. Бу халқаро стандартлар бўлиб, уларнинг амалга оширилиши ҳалок бўлганлар бедарак йўқолганлар рўйхатига қўшилмаслигини кафолатлайди”, деган Лубинец.

Қайд этиш керакки, аввалроқ Россиянинг Венадаги халқаро ташкилотлардаги доимий вакили Михаил Ульянов Австрия Ташқи ишлар вазирлигига чақирилган эди. Бунга унинг Twitter’даги шов-шувли баёноти сабаб бўлган.

“Украина аҳолисига раҳм-шафқат йўқ”, деб ёзган россиялик дипломат твитида.

Ульянов геноцидга чақираётгани ҳақидаги танқид ва айбловларга жавобан ғазабланди ва ўз қадамини фақат Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг АҚШга ҳарбий ёрдам учун миннатдорлик билдирганига жавобан айтганини иддао қилди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

44

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг