“Украина аҳолисига раҳм-шафқат йўқ”. Россиялик дипломатнинг твити баҳсларга сабаб бўлди

Олам 14083
image

Россия Федерациясининг Венадаги доимий вакили Михаил Ульянов ижтимоий тармоқдаги саҳифасида очиқчасига “Украина аҳолисини аямасликка” чақирди. У ўзининг бундай шафқатсиз фикрини Владимир Зеленскийнинг Жо Байденга ҳарбий ёрдам учун миннатдорлик билдирган твитига жавобан эълон қилди. 

“Украина аҳолисига раҳм-шафқат йўқ”, дея ёзиб қолдирганди россиялик дипломат. Твит кўп ўтмасдан ўчиб кетди, аммо у веб-архивда қолди, скриншотлар ҳам тезда тарқалди.

Михаил Ульянов ўз баёнотини оқлаш учун шошилинч равишда узр сўради.

“Мен кечирим сўрашим керак. Албатта, мен қурол-яроғ етказиб берувчи Қўшма Штатларни ва кечагина ҳар қандай тинчлик музокараларини рад этишини айтган Украина Президентини назарда тутган эдим.  Дарҳақиқат, улар томонидан Украина аҳолисига раҳм-шафқат йўқ”, дея эътиборни тезда Зеленский ҳамда Байденга қаратди.

Украина расмийлари Ульяновнинг сўзларига жим қараб турмади. Хусусан, Президент девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк бу твитни геноцидга чақириш деб атади. Шунингдек, Олий Рада раиси Руслан Стефанчук Ульяновни “персона нон грата” деб тан олиш ва Россияга депортация қилишга чақирди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 29
Рейтинг: 3.1
t
×