Украина Россияга қўшилишга тайёрланаётган вилоятини қайтариб олмоқчи
Олам
−
08 Сентябрь 2022
11211Украина Қуролли Кучлари 2022 йил охиригача Россия томонидан босиб олинган Херсон вилоятининг катта қисмини қайтариб олмоқчи. Бу ҳақда CNN хабар бермоқда.
“Биз Херсон вилоятида украиналикларнинг ҳужум операцияларини давом эттираётганини кўрдик. Улар олдинга интилишда давом этадилар. Биз улар баъзи қишлоқларни қайтариб олганини биламиз”, дейди Пентагон матбуот котиби генерал Пет Райдер.
Украина расмийларига кўра, Украина Қуролли Кучларининг мақсади камида Днепрнинг шимолий ёки ғарбий қисмидаги барча ҳудудларни, жумладан, нафақат Херсон шаҳрини, балки муҳим ГЭС жойлашган Новая Каховкани, шунингдек, Қримга сув борадиган канални ҳам озод қилишдир.
Бундан ташқари, украиналик ҳимоячилар Шарқда босимни кучайтирдилар, бу эса Россия Федерациясига ўз кучларини жанубга ўтказишга тўсқинлик қилмоқда.
АҚШ расмийларининг таъкидлашича, Украинанинг 2022 йил охиригача Херсонни қайтариб олиш мақсади катта ва агар Украина Қуролли Кучлари жорий операцияларида муваффақият қозонишда давом этса, амалга ошиши мумкин.
АҚШда Украинанинг жорий қарши ҳужуми баҳоргача давом этади ва баъзи ҳужумлар энди жанг майдонини келгуси бир неча ой ичида режалаштирилган ҳужумга тайёрлашга қаратилган, деб ҳисоблашмоқда.
Аввалроқ Херсон вилоятини Россия таркибига қўшиб юбориш бўйича референдумни ноябрь ойи бошида ўтказиш режалаштирилаётган ҳақида хабар берган эдик.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди.
LiveБарчаси