Херсонни Россияга қўшиб олиш санаси эълон қилинди

Олам 18413
image

Украинанинг руслар томонидан эгаллаанган Херсон вилоятида Россия Федерацияси таркибига қўшилиш бўйича "референдум"га тайёргарлик кўрилади. Бу ҳақда минтақа ҳарбий-фуқаролик маъмурияти раҳбари ўринбосари Кирилл Стремоусов “Ягона Россия” партияси Бош кенгашм котиби Андрей Турчакнинг референдумни 4 ноябрь куни ўтказиш тўғрилиги ҳақидаги сўзларини шарҳлаб, айтиб ўтди.

“Ягона Россия” партияси Бош кенгаши котиби Андрей Турчак бугун, 7 сентябрь куни Донбасс ва Украинанинг эгалланган ҳудудлари Россия таркибига кириши бўйича "референдум"ни 4 ноябрь, Миллий бирлик кунида ўтказишни тўғри деб билишини айтганди.

“Андрей Анатольевич Турчак билан бирдаммиз. Келинг, санага тайёрланайлик. Ҳамма "референдум" сентябрда бўлади деб ўйлаган, бироқ аниқ санани айтмаган. Гарчи биз бугун ҳам референдумга тайёрмиз”, дейди Стремоусов.

Минтақа ҳарбий-фуқаролик маъмурияти раҳбари ўринбосари "референдум"да сайловчиларнинг тахминан 80 фоизи иштирок этишига ишонч билдирди.

Херсон вилояти Украинанинг жанубида жойлашган бўлиб, Қрим Республикаси билан чегарадош. Март ойи ўрталарида Россия Мудофаа вазирлиги минтақа тўлиқ Россия қўшинлари назорати остида эканлиги ҳақида хабар берган эди. Апрель ойининг охирида вилоятда фуқаролик-ҳарбий бошқарув тузилди. 

Сўнгги вақтларда Украина ҳарбийлари айнан Херсон вилоятида қарши ҳужум бошлади.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. 

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 58
Рейтинг: 2.9
t
×