Украина-Россия музокаралари: иккинчи раундда томонлар нимага келишди?
Олам
−
04 Март 2022
18125Кеча, Беларуснинг Брест вилоятида рус-украин музокараларининг иккинчи раунди якунланди. Томонлар гуманитар коридорларни вақтинчалик ўт очишни тўхтатиш билан биргаликда таъминлаш бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда Украина Президенти маъмурияти раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк маълум қилди.
“Биз кутган натижаларга эриша олмадик. Биз инсонпарварлик жиҳатини: озиқ-овқат, дори-дармонлар, эвакуация қилиш имкониятларини батафсил муҳокама қилдик”, деган у.
Россия делегацияси раҳбари, Президент ёрдамчиси Владимир Мединский Россия ва Украина аҳолининг чиқиши учун гуманитар коридорлар ва эҳтимолий вақтинчалик ўт очишни тўхтатиш бўйича келишиб олганини тасдиқлаган.
Россия Федерал Мажлисининг Давлат Думаси халқаро ишлар қўмитаси раиси Леонид Слуцкийнинг сўзларига кўра, яқин кунларда Украина билан музокараларнинг учинчи босқичи бўлиб ўтади.
Жорий йилнинг 28 февраль куни Беларуснинг Гомель вилоятида биринчи Россия-Украина музокаралари бўлиб ўтганди, учрашув беш соат давом этган. Россия делегациясига Президент ёрдамчиси Владимир Мединский бошчилик қилди. У Россия делегацияси келишувларга эришиш учун қанча вақт керак бўлса, Украина томони билан шунча музокаралар олиб боришга тайёрлигини маълум қилган.
Россиянинг Украинага босқини
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси