Украина ортидан яна бир давлат ЕИга тез аъзо бўлиш ҳаракатига тушди
Олам
−
03 Март 2022
23670Грузия Брюсселга Европа Иттифоқи аъзолигига номзод бўлиш учун ариза юборди. Тегишли ҳужжат Бош вазир Ираклий Гарибошвили томонидан имзоланган. Бу ҳақда РИА Новости маълум қилди.
"Бугун Грузия учун тарихий кун: мен мамлакат номидан Европа Иттифоқига аъзо бўлиш учун аризани имзолаяпман", дейди сиёсатчи ўзининг видеомурожаатида.
Унинг фикрича, бу Грузия давлати ва халқининг танловидир.
“Европа Иттифоқига аъзо бўлиш учун ариза топшириш Грузиянинг Европа интеграцияси йўлидаги яна бир муҳим қадами, тарихимизда янги саҳифа очувчи ва аждодларимизнинг ягона Европа оиласи атрофида бирлашиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини давом эттирувчи босқичдир. Грузия – Европа давлати”, дея қўшимча қилди Гарибошвили.
Ҳукмрон “Грузия орзуси” партияси ҳукумат билан маслаҳатлашганидан сўнг тезкорлик асосида ариза беришга қарор қилган. Илгари расмийлар буни 2024 йилда амалга оширишни режалаштирган, бироқ “янги воқелик”дан келиб чиқиб, ўз позициясини ўзгартирган.
Эслатиб ўтамиз, Россиянинг Украинага бостириб кириши фонида Владимир Зеленский Европа Иттифоқи аъзоларига мамлакатни зудлик билан иттифоққа қабул қилишни сўраб мурожаат қилди ва аъзолик учун аризани имзолади. Европарламент унга номзод давлат мақомини берувчи резолюцияни қўллаб-қувватлади.
Молдова Президенти Майя Санду ҳам республика Европа интеграциясини тезлаштириш керак, деган фикрни билдирди. Аммо аъзоликка кириш учун давлатлар турли мезонларга жавоб бериши керак бўлади.
Россиянинг Украинага босқини
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь