Россияга ҳудудий ён бeриш 3-Жаҳон урушига йўл бeришми?

Таҳлил

Россиянинг Украинага босқини ўзининг 1000 кунлик чегарасидан ўтганига ҳам анча бўлди. У ҳали ҳам давом этмоқда ва ортда қолган ёз ва куз ойларида янада кучайди. Аммо салкам 3 йилдан буён давом этаётган босқин атрофида бугун умидли хабарлар ҳам йўқ эмас. Айни дамда Трамп инаугурациясининг яқинлашиши фонида босқиннинг ниҳояси ва ҳатто бу жараён яқин эканлиги ҳақидаги хабарлар тез-тез қулоққа чалиняпти. АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трампнинг Францияга сафари ҳамда Елисей саройида унинг Макрон ва Зеленский билан учрашувидан сўнг босқиннинг якуни яқинлиги ҳақидаги тахминлар анча жиддийлашди. Бироқ босқиннинг тугаши масаланинг фақатгина бир томони холос. Унинг қандай ва қай шартлар билан якунга етиши эса масаланинг энг асосий томони аслида. Можаронинг тугашига тўсқинлик қилаётган энг катта келишмовчилик ҳам шу. Россия Украинага тегишли бўлган қонуний ҳудудларнинг яхлитлиги билан сариқ чақалик иши йўқ. Украина эса босқин бошидан буён ҳудудий ён бериш ҳақида муросасиз эканини айтиб келади. Бироқ бугун Россия ўзи томонидан Украинанинг босиб олинган ерларини қайтариши даргумон. АҚШда ҳокимият тепасига сиёсий қадриятларга тупуриб қўйган номзоднинг келиши эса Киев учун вазиятни янада чигаллаштириши олдиндан кутилганди. Чунки Трамп инаугурациясидан кўп ўтмай Украинада тинчликка эришиш бўйича берган ваъдасининг устидан чиқиш учун Украинага ўз ерларидан воз кечишда босим ўтказиши ҳам ҳеч гап эмас. Аслида босқинни тўхтатиш учун бошқа вариантлар ҳам бор. Масалан, можарони бугунги ҳарбий ҳаракатлар чизиғида бир неча йилга музлатиш ва Украина НАТОга қабул қилиниши ва ҳоказолар. Аммо булар эҳтимоли жуда паст бўлган версиялар десак муболаға бўлмайди. Украинани Россия шу кунгача босиб олинган ерлардан воз кечтириш эса йирик ўйинчилар учун осон ва тез битадиган жараёндек кўриниши мумкин. Ҳатто Трампнинг сайловдаги ғалабасидан сўнг Европа етакчилари Украина ҳудудларининг шарқий қисми Россияга берилиши бўйича сценарийга тайёр туришга огоҳлантирилганлиги ҳақидаги хабарлар ҳам тарқалди. Бироқ тарих бизга бундай ёндашув мутлақо хато эканлигидан дарс беради. Яъни тажовузкор ва қўшни ҳудудларни аннексия қилишга одатланган давлатга ён бериш, унинг келгусида шу каби ҳаракатларда иштаҳасини очиши ва ҳатто бу жаҳон урушига ҳам олиб келиши мумкинлигига тарих гувоҳдир.

Бугунги Путин ва кечаги Гитлернинг ўхшаш сценарийлари

Ўз сиёсий карьерасини Мюнхендаги пивохоналарда шакллантириб борган Адольф Гитлер ҳокимият тепасига келиш учун нақд 10 йилдан ортиқ вақт давомида жиддий курашди. 1934 йилда шу кун келди. Президент Гинденбург вафоти муносабати билан 1 йил олдин рейхсканцлер этиб тайинланган Гитлер энди мамлакатнинг фюрери, яъни доҳийси бўлди. Бу мақсадга эришиш учун унга ирқчилик руҳига йўғрилган национал-социалистик партияси ёрдам берди. У президентлик лавозимини бекор қилиб юборди. Мамлакат ичида унга қаршилик қилиши мумкин бўлган айтарли кучни қолдирмади. Тез орада эса у бундай эркинликка дунё миқёсида эришди. Яъни унинг босқинчилик ва норасо ирқларни бўйсундириш борасидаги ғайриинсоний мақсадларига қарши туришда дунё лидерларида жасорат тақчиллиги юзага келади. 1936 йилдан бошлаб кейинги 3 йил ичида то иккинчи жаҳон уруши бошлангунга қадар немис иқтисодиёти тўлақонли милитаризация қилинади. Ҳарбий харажатларни мисли кўрилмаган даражада – 10 баробарга ошириб, Европадаги энг йирик армияни барпо қилди. Бундай натижага Германияда 1937-38 йилларда кузатилган жуда юқори иқтисодий ўсиш орқали эришилди. 15 йил олдин дунё тарихидаги энг йирик инфляцияни бошдан кечирган ва Биринчи жаҳон урушидаги мағлубиятдан сўнг карахт аҳволга тушиб қолган Германиядан асар ҳам қолмаганди. У энди нафақат Европага, балки бутун дунёга таҳдид солар, ҳатто бошқа қудратли давлатлар бу пайтда ташқи сиёсий масалаларда Германияга ён беришни афзал кўрарди. Бу йиллар тарихда “тажовузкорга ён бериш” сиёсати деган ном қолдирди. Ғарб давлатларининг мазкур қўрқуви Гитлер учун айни муддао эди. У ўз ишини Австрияни аннексия қилишдан бошлади. 1938 йил март ойида Австрия Германияга бўйсундирилганидан сўнг ташқи дунёдан айтарли реакция содир бўлмагач, Гитлернинг иштаҳаси янада очилди. У эндиликда Чехословакияга тегишли бўлган Судет вилоятига кўз тикди. Аслида Гитлер бутун бошли Чехословакияни босиб олишни хоҳларди, Судет эса шунчаки бошланғич нуқта эди, холос. 1938 йил апрель ойида, яъни Австрия аннексиясидан атиги бир ой ўтиб, Гитлер Германия Қуролли кучлари олий қўмондонлиги раҳбари Вильгельм Кейтель билан мазкур режа муҳокамасини бошлаб юборди. Аммо бу сафар улар ҳеч қандай сабабсиз ва босқинни оқлайдиган бирор бир баҳонасиз ушбу ҳужумни дабдурустдан амалга оширишдан тийилди. Чунки Австриядан фарқли ўлароқ Чехословакияда кучли иттифоқчилар, хусусан Франция бор эди. Бундан ташқари, Совет Иттифоқи билан ҳам маълум маънода ҳарбий яқинлик мавжуд эди. Айнан шу омиллар Гитлерни бироз кутишга мажбур қилди. Лекин унчалик кўп эмас. Чунки вақт ўтиб, Германиядаги нацистик партия Европада ҳеч бир қудрат унинг босқинларига қарши тура олмаслигини пайқай бошлайди. Бу орада Гитлер учун Чехословакиянинг Судет вилоятини қўшиб олишда яхшигина “асос” ҳам тайёр эди. Судетда асосан немислар яшар ва Гитлер уларни худди “озод қилиш” важи билан очиқдан очиқ таҳдидли риторикага ўта бошлади. Бугунги Украина ва кечаги Грузия босқинларини эслатиб юборадиган воқеа, шундай эмасми?

Мюнхен шартномаси – Иккинчи жаҳон урушига “старт”

Апрель ҳам ниҳоялаб, май ойи келганда Гитлер ва унинг генераллари Чехословакияни босиб олиш режасини тузаётгани маълум бўлди. Гитлер Чехословакиядаги немисларни ўз ватанлари билан бирлашиши лозимлигини талаб қилиб, қатор нутқлар қила бошлади. Бундай шароитда Чехословакияга ёрдам бериши мумкин бўлган Франция ва Буюк Британия Гитлер Германиясига қарши ҳеч қандай қаршилик кўрсата олмасликларини ҳис қилишар, улар ҳар қанақа ҳолатда Чехословакияни Германияга сотишга тайёрланаётганди. Бу жараён Францияда 1938 йил апрель ойида Эдуард Даладье бошчилигидаги янги ҳукумат бошқарувга келганда янада ойдинлашди. Франция аста-секин Чехословакия мудофааси учун ўзидаги бор жавобгарликни соқит қилиш йўлига ўтди. Ташқи ишлар вазирлиги томонидан назорат қилинадиган Le Temps газетасида Париж юридик факультети профессори Жозеф Бартелеми томонидан мақола чоп этилиб, унда у 1924 йилги Франко-Чехословакия иттифоқ шартномасини синчковлик билан таҳлил қилди. Якунда эса мақолада Франция Чехословакияни қутқариш учун урушга бориш мажбурияти йўқ деган хулосага келинди. Даладье вазиятни муҳокама қилиш учун Лондонда Буюк Британиянинг ўша пайтдаги Бош вазири Невилл Чемберлен билан учрашди. Чемберленда Гитлернинг Чехословакияни бутунлай босиб олишига қандай тўсқинлик қилиш мумкинлиги ҳақида ҳеч қандай режа йўқ эди. Буюк Британия Бош вазири Прагани Германияга ҳудудий ён беришга ундаш кераклигини таъкидлади. Франция ва Британия раҳбарияти Судет ҳудудини Чехословакиядан тортиб олиб, қутуриб бораётган Гитлерга бериш орқалигина нацизмнинг потенциал хавфини камайтириш мумкинлигига ишонишди. Худди бугун Украинани баъзи кучлар ҳудудий ён беришга ундаётгани каби. Даладье Лондонга қилган кейинги сафарида Германия истакларини қаноатлантириш кўзланган қўшма таклиф тайёрлади. Унга кўра, аҳолисининг 50 фоиздан ортиғи немис бўлган Судет ерларининг барчаси Германияга берилиши керак эди. Бу эса Чехословакиянинг Чехия қисми Гитлер томонидан деярли ўраб олинишини англатарди. Дастлаб сурбетларча тайёрланган бу таклифни Чехословакия рад этди, аммо сентябрнинг сўнгги кунларида мазкур таҳқирли шартни қабул қилишга мажбур бўлди. Чемберлен мазкур таклиф билан Германияга учиб кетади. Бироқ у ерда Гитлернинг мазкур масала юзасидан талаб ва истаклари янада ортганини билиши билан ҳафсаласи пир бўлади. Бу орада Франция ва Буюк Британияда Гитлернинг инжиқликларига нисбатан тоқатсизлик кўтарилди. Вазият ҳарбий сафарбарлик ва уруш ёқасига келишига бир бахя қолганида, сўнгги лаҳзаларда Чемберлен яна қўрқув ва хиёнат орқали Гитлерга ён бериш вариантига қайтди. У низони ҳал қилиш учун дарҳол тўрт кишилик конференция чақиришни таклиф қилди. Гитлер рози бўлди ва 29 сентябрь куни Гитлер, Чемберлен, Даладье ва италиялик нацистик лидер Бенито Муссолини Мюнхенда учрашишди. Гитлер фашизмнинг энг яқин ҳамкори Италия ҳукумати раҳбари Бенито Муссолини Мюнхен шартномаси дея номланган ёзма режани тақдим этди. Режа муаллифи ҳам айнан италиялик фашистлар эди. Унга кўра, немис армияси Судет ерларини босиб олишни 10 октябргача якунлаши, халқаро комиссия эса бошқа баҳсли ҳудудларнинг келажагини ҳал қилиши лозим эди. Чехословакия Буюк Британия ва Франция томонидан мазкур аннексияга бўйсуниши лозимлиги тўғрисида хабардор қилинди. Чехословакия ҳукумати эса ўз-ўзидан таслим бўлишни танлади. Мамлакат ўта қийин вазиятда хиёнат қурбонига айланди. Бу ёқда эса Мюнхендан қайтиш арафасида Чемберлен Гитлер билан тинчликни таъминлаш учун маслаҳатлашув орқали келишмовчиликларни ҳал қилиш истагини билдирган бир тийинга қиммат ҳужжатни имзолади. Даладье ҳам, Чемберлен ҳам уруш хавфи ўтиб кетди, дея хурсанд бўлганча ортга қайтади. Чемберлен Британия жамоатчилигига шараф билан тинчликка эришганини айтади. Аммо ўша пайтда унинг энг асосий танқидчиси, Консерваторлар партияси аъзоси ва узоқни кўра олувчи буюк сиёсатчи Уинстон Черчилль унга дарҳол эътироз билдирди. Черчилль Чемберлен манзилига “сизга уруш ва шармандалик ўртасида танлов берилди. Сиз эса шармандаликни танладингиз, сизда энди уруш ҳам бўлади”, деган гапларни йўллаганди. Кўп ўтмай Черчилль мутлақо ҳақ бўлиб чиқди. Даладье ва Чемберленнинг қўрқоқлиги ва уқувсиз сиёсати нафақат Европага, балки бутун дунёга жуда қимматга тушди. Гитлерга Судет ерларини бериш орқали унинг тажовузини олдини олиш режаси пучга чиқди. Иштаҳаси очилган босқинчи бу билан тўхтаб қолмади. У келаси йили, яъни 1939 йил март ойида Чехословакиянинг қолган қисмини ҳам Германияга қўшиб олди. Собиқ иттифоқчилар эса ўша пайтда ҳам қаршилик кўрсатишга ярамади. Ўша йилнинг сентябрь ойида эса Гитлер Германияси Польшага бостириб кирганида мавжуд яралар газак олиб бўлганди. Дунё Иккинчи жаҳон урушига қадам қўйди.

Путинга Донбасс = Гитлерга Судет

Шу тариқа Иккинчи жаҳон урушининг содир бўлишига, тажовузкорга заифроқ бўлган давлатнинг ерларини босиб олишда қаршилик кўрсатилмагани айни муддао бўлди. Мюнхен шартномаси ҳудудий ён бериш орқали экспансионистик авторитар давлатларни тинчлантириш бефойдалигини бутун дунёга исботлади. Аслида бу фактни тасдиқлаш учун жуда ортга – таҳқирли Мюнхен шартномасига қайтиш шарт эмас. Буни сўнгги 16 йил ичида постсовет давлатлари билан содир бўлган ва бўлиб келаётган воқеалар ҳам исботлайди. 2008 йил Грузиядан Абхазия ва Жанубий Осетия каби ҳудудлар ажратиб олиниши, 2014 йилдаги Қрим аннексияси ва салкам 3 йилдан буён давом этиб келаётган Украина шарқидаги босқин шулар жумласидандир. Қизиғи шундаки, бу воқеалар 1938 йилдаги Австрия аннексияси, ўша йил октябрдаги Судет вилоятининг ҳам Германияга қўшиб олиниши ҳамда 1939 йилдаги қолган воқеалар ривожи билан жуда кўп ўхшашликларга эга. Энг ҳайратланарлиси эса ушбу ишларни амалга оширган икки шахс ҳам ўзи томонидан тортиб олинган ёки аннексия қилинган ерларга ўхшаш сабаблар билан ҳужум қилган. Гитлер Чехословакиянинг Судет вилоятидаги немисларни ҳақиқий ватанига қайтаришни истаган бўлса, Путин Донбассдаги русийзабонлар тақдири ҳақида жуда кўп “қайғургани” туфайли суверен, мустақил бўлган бир давлатга ҳарбий техника ва қўшин киритди. Энди эса шу пайтгача босиб олган ерларини қайтаришни ҳаёлига ҳам келтирмаяпти. Бугун 1000 кундан ортиқ вақт давомида тинимсиз давом этиб келаётган ва дунё тартибини анчагина шикастлаб улгурган Россиянинг Украинага босқинини тўхташи сайёра келажаги учун ижобий натижа эканини ҳеч ким рад қилмайди. Аммо бу келишув Украина ҳудудларининг Россияга берилиши эвазига содир бўлса, мазкур воқеа кўп эҳтимол тинчлик эмас, балки худди Мюнхен келишувидаги каби кейинги янада каттароқ уруш учун “яшил чироқ” ёқиши мумкин. Чунки Украинага босқинни унинг ерларини ўзига қўшиб олиш орқали якунлаган Путин учун бу ютуқ унинг кейинги ҳаракатларида мисли кўрилмаган маънавий устунликни тақдим қилади. Унинг кейинги ҳаракатлари эса Мюнхен келишувидан кейинги сценарийлар бўйича кетмаслигига ҳеч ким кафолат бермайди. Сабаби унда нақд 3 йиллик уруш тажрибасига эга армия, урушга мослашиб бораётган иқтисод ва қурол, ҳатто аскар ҳам етказиб бериши мумкин бўлган бир қанча иттифоқдошлари мавжуд. Бундан ташқари эса тарих такрорланишдан иборатлигини ҳам эсдан чиқармаслик лозим.


Мақола муаллифи

Теглар

Россиянинг Украинага босқини Путин ва Гитлер Донбасс ва Судет

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг