Украина HIMARS билан Қримга зарба беришга қодир – Пентагон
Олам
−
05 Октябрь 2022
8278Қўшма Штатлар HIMARS ялпи реактив ҳужум тизимларидан отиш учун Украинага бераётган ўқ-дорилар Россия нишонларининг “кўпчилик қисмини”, шу жумладан Қримдаги объектларни йўқ қилиш имконини беради. АҚШ Мудофаа вазирлиги расмийси Лаура Купер маълум қилди.
Украинага берилаётган HIMARS бир нечта ракета ўқ-дорилари Россия нишонларининг “кўпчилик қисмини”, шу жумладан Қримдаги объектларни уриш имконини беради, деб ҳисоблайди, дейди Мудофаа вазири ёрдамчиси ўринбосари Лаура Купер.
У Пентагон Украинада мавжуд 80 километр масофага учадиган GMLRS бошқариладиган ракеталари ўрнига 300 километр масофага учадиган ATACMS тактик ракеталарини етказиб беришга эҳтиёж сезмаётганини қўшимча қилган.
“Бизнинг тахминимизча, улар HIMARS учун аллақачон мавжуд бўлган GMLRS билан жанг майдонидаги нишонларнинг катта қисмини тугатиши мумкин.
Биз улар нишонларнинг катта қисмини, жумладан Қримдагиларни ҳам уришга қодир деб ҳисоблаймиз. Шунчаки аниқ бўлиши учун: Қрим – бу Украина”, дейди Купер.
Аввалроқ Украина нишонларни расмий Вашингтон билан келишиш шарти билан АҚШдан узоқроқ масофага учадиган ATACMS ракеталарини олишга уринаётгани ҳақида хабар берган эдик.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди.
LiveБарчаси