Украина фуқаролигини олган ўзбеклар ҳам эвакуация қилинадими?

Олам

image

Ўзбекистон аралаш никоҳлар гуруҳи вакилларини ёки Украина фуқаролигини олган ўзбекларни пуллик асосда эвакуация қилиши мумкин. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Юсуф Қобулжонов маълум қилди.

Қайд этилишича, сўнгги вақтларда аралаш никоҳдаги оилалар вакиллари ёки Ўзбекистонда туғилган, аммо Украина фуқаролигини қабул қилган фуқаролардан эвакуация қилиш бўйича мурожаатлар ҳам кўпайган.

“Барча мурожаат қилаётганларга уруш ҳудудини имкон қадар тезроқ тарк этиб, Львов шаҳрига бориш тавсия этилмоқда. Ўзбекистоннинг Киевдаги Элчихонаси уларни Львовдаги тўпланиш нуқтасидан “Краковец” (Польша) назорат-ўтказиш пунктигача етказишда ёрдам беришга тайёр”, дейди Юсуф Қобулжонов.

Расмий вакилга кўра, аралаш никоҳлар гуруҳи вакилларини Ўзбекистонга эвакуация қилиш имконияти бўйича сўровларга жавобан Элчихона ушбу шахслар Ўзбекистон фуқаролари олиб чиқиб кетилганидан сўнг, эҳтимол, пуллик асосда эвакуация қилиниши мумкинлиги ҳақида тушунтиришлар бермоқда.

Россиянинг Украинага босқини

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россиянинг Украинага босқини

Баҳолаганлар

27

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made