Украина армиясининг йўқотишлари Россияникидан 5 баравар кам – Зеленский
Олам
−
24 Сентябрь 2022
7520Украина Россияга қарши урушда ҳар куни 50 га яқин ҳарбийларини йўқотяпти. Бу ҳақда Президенти Владимир Зеленский маълум қилди.
“Бизда кунлик йўқотишлар ҳақида ҳисоб-китоблар бор, улар аниқ эмас. Бу кунига деярли 50 киши. Аммо бу аниқ рақамлар эмас, чунки ҳудудда қанча аскар ва тинч аҳоли қолгани маълум эмас”, дейди Зеленский қатор француз ОАВларига берган интервьюсида.
Шу билан бирга, Зеленскийнинг сўзларига кўра, у Украина Қуролли Кучларидаги йўқотишлар ҳақида аниқ маълумотларга эга, бироқ уларни ошкор қилишни истамайди.
“Рақамлар билан жуда эҳтиёт бўлиш керак, чунки гап инсон ҳаёти ҳақида кетмоқда. Ҳарбийларимизнинг позицияси ўлдирилган ёки яраланган украиналик ҳарбий хизматчиларнинг аниқ сонини маълум қилишда эмас”, дейди Украина Президенти.
Зеленскийнинг таъкидлашича, Украина ҳарбийларининг йўқотишлари россиялик аскарларнинг йўқотишларидан 5 баравар кам.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 21 сентябрь куни Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу Украинадаги урушда 5937 нафар рус аскари ҳалок бўлганини айтганди. Шунингдек, у Украинанинг йўқотишларини баҳолаб, 61207 киши ҳалок бўлгани, 49368 киши жароҳат олганини маълум қилганди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди.
LiveБарчаси