Украина ҳарбийлари Россиянинг Су-25 самолёти ва 4 та дронини йўқ қилди
Олам
−
13 Август 2022
10231Украина шарқида мамлакат Қуролли Кучларининг Қуруқлик қўшинлари ҳаво ҳужумидан мудофаа ҳарбийлари Россиянинг Су-25 ҳужумчи самолёти ва тўртта дронини уриб туширди. Бу ҳақда Қуруқликдаги қўшинлар Матбуот хизмати хабар берди.
“Сўнгги 24 соат ичида Украина шарқидаги Украина Қуролли Кучлари Қуруқликдаги қўшинларининг ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари “Орлан-10” русумидаги 4 та дрон ва битта Су-25 ҳужумчи самолётини йўқ қилди”, дейилади хабарда.
Аммо бу учоқларнинг йўқ қилингани Украина Бош штабининг 13 август ҳолатига кўра, русларнинг йўқотишлари ҳақидаги ахборотига киритилмаган.
Маълумот учун, Бош штаб статистикасида 223 та самолёт уриб туширилгани кўрсатилган. Су-25 эртага умумий маълумотларга қўшилиши мумкин. Шунингдек, уруш бошланганидан бери Украина Қуролли Кучлари Россиянинг 779 та дронини уриб туширган.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
Европа мамлакатлари аллақачон Россия нефтини етказиб беришни алмаштиришни бошлаган. Мисол учун, май ойининг охирида Бирлашган Араб Амирликлари икки йиллик танаффусдан сўнг Европага нефть етказиб беришни тиклади.
LiveБарчаси