Twitter вақтинча “Россиянинг оғзини ёпди”

Олам

image

Twitter ижтимоий тармоғи жорий йилнинг 5 август кунидан бошлаб Россия Ташқи ишлар вазирлигининг инглиз тилидаги расмий аккаунтини етти кунга блоклаб қўйди. Россия ТИВ матбуот котиби Мария Захаровага кўра, бу “Россиянинг оғзини ёпиш”га уринишдир.

“5 августга ўтар кечаси Twitter платформаси маъмурияти Ташқи ишлар вазирлигининг инглиз тилидаги расмий аккаунтини етти кунга блоклаб қўйди. Бунга Радиациявий, кимёвий ва биологик мудофаа қўшинлари раҳбари генерал-лейтенант Игорь Кирилловнинг брифингида Россия Қуролли Кучлари қўшинлари, АҚШ ҳарбий биологик фаолияти тўғрисидаги сўзлари эълон қилингани сабаб бўлган”, дейди Захарова ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

ТИВ расмий вакилининг таъкидлашича, бундай санкциялар Россияга нисбатан биринчи марта қўлланилмоқда. 

“Улар шу пайтгача индивидуал твитларни блоклаб қўйган, аммо дунёнинг етакчи давлатларидан бирининг расмий ташқи сиёсат бўлимининг аккаунтини ҳатто бир ҳафтага ёпиш — бу яхшилик ва ёмонликдан ташқарида”, дея қўшимча қилди у.

Захарованинг қайд этишича, буларнинг барчаси “ғарб сиёсатчилари, экспертлари ва ҳатто оддий фойдаланувчилар томонидан русофобик оргия, шунингдек, Украина троллари ва ботларининг мисли кўрилмаган фаоллиги фонида” содир бўлмоқда. 

Унга кўра, фактларни тарқатиш учун Вашингтоннинг қуролига айланган Америка рақамли платформаларидан фойдаланиш шарт эмас. 

“Сўз эркинлиги тамойилини бузган аҳмоқона хатти-ҳаракатлари билан Twitter ўзи ўтирган шохни кесиб ташлади. Бу платформа анчадан бери турғун бўлиб қолди: унга ишонч деярли нолга тенг, фойдаланувчилар кетмоқда. Албатта, бизни блоклаб қўйиш мумкин, лекин ҳақиқат барибир ўз тасдиғини топади”, дея таъкидлади у.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди


Мақола муаллифи

Теглар

Twitter Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

18

Рейтинг

3.4

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг