Туркияда намойишлар ортидан ҳибсга олинганлар сони мингдан ошди
Олам
−
24 Март
1952Туркия полицияси Истанбул ҳокими Экрем Имомўғлининг ҳибсга олинишига қарши ўтказилган норозилик намойишлари чоғида 1,1 мингдан ортиқ кишини қўлга олди. Бу ҳақда бугун, 24 март мамлакат Ички ишлар вазири Али Ерлиқоя ўзининг Х саҳифасида маълум қилди.
“19 мартдан 23 мартгача бўлган даврда содир этилган ноқонуний ҳаракатлар учун 1133 гумонланувчи қўлга олинди. Улардан 12 нафари турли террористик ташкилотлар билан боғлиқ экани аниқланди”, деб ёзди Ерлиқоя.
Вазирнинг сўзларига кўра, намойишларни тарқатиш чоғида камида 123 нафар полиция ходими жароҳат олган. Шунингдек, у яна бир бор фуқароларни тартиб-интизомга риоя қилишга, эҳтиёт бўлишга ва соғлом фикр билан ҳаракат қилишга чақирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Экрем Имомўғли Истанбул Бош прокуратураси томонидан Истанбул шаҳар ҳокимлигига қарши очилган коррупция тергови доирасида ҳибсга олинган эди. Истанбул Бош прокуратураси Имомўғли ва 99 гумонланувчига нисбатан жиноий ташкилот етакчиси бўлиш, жиноий ташкилотга аъзолик, товламачилик, порахўрлик, малакали фирибгарлик, шахсий маълумотларни қонунга хилоф равишда қўлга киритиш ва тендер савдоларини сохталаштириш каби айбловлар билан бошланган тергов ишларини давом эттирмоқда.
Бош прокуратура Имомўғли “қуролли террор ташкилотига ёрдам берганлиги бўйича кучли гумон” борлигини, аммо уни молиявий жиноятлар учун ҳибсга олиш қарори аллақачон чиқарилгани сабабли, унинг яна ҳибсга олиниши “ҳозирги босқичда зарур эмас”лигини билдирди.
Шунингдек, коррупция иши бўйича ҳибсга олинган Экрем Имомўғли вақтинчалик чора сифатида ўз лавозимидан четлатилди. Кейинроқ Туркия мухолифати – Жумҳурият халқ партияси етакчиси Ўзғур Ўзел ҳибсга олинган ва лавозимидан четлатилган Истанбул ҳокими Экрем Имомўғлининг президентликка номзод сифатида илгари сурилиши учун партия праймеризида деярли 15 миллион киши овоз берганини билдирди. Шу тариқа Имомўғли расман Туркия президентлигига номзод бўлди.
Экрем Имомўғлининг ҳибсга олиниши
19 март куни тонгда Истанбул ҳокими ва Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг асосий сиёсий рақиби Экрем Имомўғли ҳамда унинг 106 тарафдори ҳибсга олинганди. Улар Курд ҳарбий-сиёсий ташкилоти ПККга кўмаклашиш ҳамда бошқа ноқонуний ҳаракатларда айбланмоқда.
Мазкур воқеалар юзасидан Туркия Адлия вазири Йилмаз Тунч тегишли баёнотини эълон қилди. Унинг маълум қилишича, Истанбул Бош прокуратураси томонидан олиб борилаётган тергов ҳаракатлари доирасида 106 нафар гумонланувчига, жумладан, Истанбул шаҳар ҳокимига нисбатан бугун эрталаб ҳибсга олиш тўғрисида қарорлар чиқарилган. Билдирилишича, Истанбул Бош прокуратураси томонидан 2 та тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Шунингдек, Истанбул Бош прокуратурасининг баёнотидан маълум бўлишича, тергов материаллари орасида MASAK (Молиявий жиноятларни тергов қилиш бошқармаси) ҳисоботлари, солиқ экспертизаси хулосалари, депозитлар ҳақида ҳисоботлар, гувоҳларнинг баёнотлари ва бошқа далиллар мавжуд.
Туркия Президенти девони Коммуникациялар бошқармаси раҳбари Фахриддин Алтун эса Экрем Имомўғли ҳибсга олингани ортидан давлат раҳбарига нисбатан туҳмат ва бўҳтонлар айтилаётганини билдирди. У суд органларининг мустақиллигига путур етказиш, шунингдек, Президент Ражаб Тойиб Эрдўғанга дахл қилиш, мафкуравий туҳмат ҳаракатларига қарши эканини маълум қилган.
Истанбул шаҳри талабалари Имомўғлининг ҳибсга олинишига қарши намойишга чиқди. Туркиянинг асосий мухолифатдаги Жумҳурият халқ партияси (ЖХП) етакчиси Ўзғур Ўзел 86 миллионлик республика аҳолисини келаси якшанба, 23 март куни Истанбул ҳокими Экрем Имомўғлининг ҳибсга олинишига қарши кўчаларга чиқишга чақирди. ЖХП аъзолари ўзларининг партиядошларининг ҳибсга олинишига норозилик сифатида минбарга тўпланиб, парламент Бош ассамблеяси ишини тўсиб қўйишди.
LiveБарчаси