Туркия Фаластин ҳимоясини таъминлаш учун халқаро куч яратишга чақирди
Олам
−
17 Май 2021
7243Туркия Фаластиннинг тинч аҳолисини жисмоний ҳимоя қилиш учун халқаро куч яратишни қўллаб-қувватлайди. Бу ҳақда Республика Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Ташқи ишлар вазирларининг фавқулодда йиғилишида айтиб ўтди.
“Халқаро ҳамжамият Фаластин тинч аҳолисининг хавфсизлигини таъминлашга масъулдир. Ва бу масъулиятнинг муҳим қисми ИҲТга тегишли. Биз БМТ Бош ассамблеясининг 2018 йил июнь ойида қабул қилинган резолюциясига мувофиқ, Фаластин фуқароларини ҳимоя қилиш учун халқаро механизм яратиш устида ишлашимиз керак. Ушбу ташаббус, шунингдек, манфаатдор давлатларнинг ҳарбий ва молиявий ёрдамига эга бўлган халқаро кучларни ташкил этиш орқали жисмоний ҳимояни ҳам ўз ичига олиши керак”, дейди Туркия ТИВ раҳбари.
Чавушўғлунинг сўзларига кўра, Фаластин масаласида бирдамлик ва қатъиятлилик вақти келди.
“Ислом олами биздан етакчиликни кутмоқда ва Туркия барча зарур қадамларга тайёр”, дея қўшимча қилди у.
Қуддусдаги вазиятнинг кескинлашиши
7 май – Рамазон ойининг охирги Жума куни, Қуддусдаги Ал-Ақсо масжиди атрофида тартибсизликлар бошланди. Бунга Исроил полицияси томонидан фаластинликлар таровеҳ намозини ўқиётган ушбу масжидга ҳужум қилгани сабаб бўлди. Бундан ташқари, Исроил суди Шайх Жарроҳ маҳалласида яшовчи араб оилаларини кўчириш тўғрисида қарор чиқарган. Чунки бу ерларга яҳудийлар даъво қилиб келади.
Қизил ярим ой жамиятининг маълумотларига кўра, Исроил полициясининг зўравонликлари оқибатида 700 дан ортиқ киши жароҳатланган, шундан 333 нафари шифохонага ётқизилган.
Шундан сўнг, Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати Исроилни огоҳлантирган: Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжиди ва Шайх Жарроҳ маҳалласидан аскарларни олиб чиқиб кетиш учун маҳаллий вақт билан соат 18:00 гача муддат қўйди.
Шарт бажарилмагач, 10 май куни ҲАМАС ҳаракати Исроилнинг бир қатор шаҳарларини 45 та ракета билан ўққа тутди. Бироқ Исроилнинг ҳаво ҳужумига қарши “Темир гумбаз” мудофаа тизими ушбу 45 ракетанинг катта қисмини осмоннинг ўзида зарарсизлантирди. Баъзилари эса аҳоли яшаш пунктига тушди.
Бунга жавобан Исроил томони дарҳол 130 та ракета билан ҲАМАС ҳаракати жойлашган Ғазо секторини ўққа тутди. Оқибатда эса 22 фаластинлик, шу жумладан 9 бола ҳалок бўлди. ҲАМАС Исроилга 350 та ракета билан жавоб қайтарди.
11 май куни Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Ғазо секторига зарбалар кучи ва частотасини кўпайтириш ниятида эканини эълон қилди.
Исроил полициясининг қаршилигига қарамасдан 13 май куни 100 мингдан зиёд мусулмон Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидида Ҳайит намозини ўқиди.
14 май куни эса Исроил мудофаа кучларининг ҳаво ва қуруқликдаги кучлари Ғазо секторига ҳужум бошлади.
АҚШдаги Исроил бош консуллиги олдида Фаластинни қўллаб-қувватлаш учун митинг ўтказилди. Акцияда турк ва мусулмон жамоалари вакиллари, шунингдек, Neturei Karta православ яҳудий гуруҳи аъзолари иштирок этди.
12 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг телефон орқали мулоқотида Қуддусдаги тўқнашувлар муҳокама қилинди. Шунингдек, Эрдўған Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаровга қўнғироқ қилиб, Исроилга “сабоқ бериб қўйишда” шерик бўлишни таклиф қилди.
Пентагонда бўлиб ўтган учрашувда Исроил Мудофаа вазирлиги сиёсий ва ҳарбий департаменти директори Зоара Палти ҳамда АҚШ Мудофаа вазирининг сиёсий масалалар бўйича маслаҳатчиси Колин Кола “Исроил фуқароларига қарши террор ҳужумларини” қоралаган ва АҚШ Исроилнинг ҳуқуқларини қўллаб-қувватлашини таъкидлади.
14 май куни Исроил байҳордаги можаролар бошланганидан бери Ғазога қарата энг йирик ҳаво ҳужумини амалга оширди. Ҳужумни қуруқликдан артиллерия ва танклар ҳам қўллаб турди.
Шу куни Исроил қуролли кучлари томонидан Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилида ўтказилаётган Ғазо секторини қўллаб-қувватловчи намойишларни тарқатиш пайтида жами 11 нафар фаластинлик ўлдирилди. ҲАМАС Исроил билан сулҳ тузиш шартини айтди.
Кейинчалик Исроил армияси Ғазодаги ОАВ офислари жойлашган кўп қаватли бинони вайрон қилди. Шунингдек, Исроил ҲАМАС ҳаракати сиёсий бюроси раҳбари Яҳё Синварнинг Ғазо секторидаги уйига ракета ҳужуми уюштирди.
Халқаро ҳамжамиятнинг реакцияси
Халқаро ҳамжамият Қуддусдаги воқеаларга тезда муносабат билдирди. БМТ Хавфсизлик Кенгаши 10 май куни Фаластиндаги можароларга бағишланган йиғилиш ўтказди, аммо якунда ҳеч қандай баёнот қабул қилинмади.
Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров эса Исроил расмийларининг Шарқий Қуддусдаги ҳарбий амалиётини “қонунбузарлик” деб атаб, улар содир бўлган воқеа учун фаластинликлардан кечирим сўраши кераклигини таъкидлади.
Қатор мусулмон давлатлар умумий равишда Исроил халқаро ҳуқуқ нормларини бузаётганини айтиб, норозилик билдирди. Уларнинг орасида Иордания, Покистон, Саудия Арабистони, Миср, Қатар, Баҳрайн ва БАА бор.
Ўз навбатида, Исроил Бош вазири дунё ОАВни воқеалар ривожини нотўғри талқин қилганликда айблаб, мамлакат полициясининг зўравонликларини қўллаб-қувватлаган эди.
Бундан ташқари Исроил расмийлари можаролар бошланиши билан “тутинган акаси” АҚШдан вазиятга аралашмаслик ва халқаро босим ўтказмасликни сўради. Вашингтон эса ҳар икки томонни ҳам вазиятда айбдор деб, можарони тугатишга чақирди. Европа Иттифоқи эътиборини фаластинликларнинг ноқонуний кўчирилишига қаратди. Марказий Осиё давлатларидан Қозоғистон Ал-Ақсо масжиди атрофидаги вазиятни ҳурмат қилишга чақирди. Шунингдек, Ўзбекистон ҳам Ал-Ақсо масжиди дахлсизлигини таъминлашга чақирди.
Қолаверса, 11 май куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған қатор мусулмон давлатлар раҳбарлари билан Исроилнинг зўравонликларини муҳокама қилди. Шунингдек, Эрдўған Туркия Озарбайжонни Арманистонга қарши урушда қандай қўллаган бўлса, Фаластинни ҳам шундай қўллаши ва бу фикрда охиригача собит туришини маълум қилди. Шунингдек, Эрдўған халқаро ҳамжамият “Исроилнинг Фаластиндаги зўравонликларининг олдини олиш учун унга қаттиқ дарс бериб қўйиши кераклигини” айтди.
Кейинчалик, Эрон Президенти Ҳасан Руҳоний Исроилнинг Шарқий Қуддус ва Ғазодаги сўнгги ҳужумларига муносабат билдириб, Миср ва Иорданиянинг ҳаракатсизлигини танқид қилди. У Исроил ҳукуматини “қонхўр сионист” деб атади. Шунингдек, Исроилнинг Россиядаги элчиси Фаластин билан музокараларда ён беришга тайёрлигини эълон қилди.
Исроил ва Фаластин ўртасидаги можароларнинг кескинлашиши фонида дунёнинг бир қатор шаҳарларида фаластинликларни қўллаб-қувватловчи намойишлар бўлиб ўтди. Хитой Фаластинни, Эрон ҲАМАСни қўллаб-қувватлашга ваъда берди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь