АҚШ Исроилнинг ҳарбий устунлигини таъминлаш ниятида – ОАВ

Олам

image

Америка Қўшма Штатлари Исроил-Фаластин можаросида Исроил ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга ва АҚШ унинг ҳарбий устунлигини таъминлайди, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда “Интерфакс” нашри ёзмоқда.

Қайд этилишича, Пентагонда бўлиб ўтган учрашувда Исроил Мудофаа вазирлиги сиёсий ва ҳарбий департаменти директори Зоара Палти ҳамда АҚШ Мудофаа вазирининг сиёсий масалалар бўйича маслаҳатчиси Колин Кола “Исроил фуқароларига қарши террор ҳужумларини” қоралаган ва АҚШ Исроилнинг ҳуқуқларини қўллаб-қувватлашини таъкидлаган.

Кола “АҚШ Мудофаа вазирлигининг Исроилнинг сифатли ҳарбий устунлигини қўллаб-қувватлашини” ҳамда Америка маъмуриятининг тинчликни тиклашга бўлган умидини яна бир бор тасдиқлаган.

Шунингдек, АҚШ Президенти Жо Байден журналистларга Фаластиннинг ХАМАС ҳаракатининг Исроил позицияларига ҳужумларини ўта кескин деб ҳисобламаслигини айтган

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг собиқ Президенти Дональд Трамп Байденни “Исроилни қўллаб-қувватламаганлик”да айблаганди.

Қуддусдаги вазиятнинг кескинлашиши

7 май – Рамазон ойининг охирги Жума куни, Қуддусдаги Ал-Ақсо масжиди атрофида тартибсизликлар бошланди. Бунга Исроил полицияси томонидан фаластинликлар таровеҳ намозини ўқиётган ушбу масжидга ҳужум қилгани сабаб бўлди. Бундан ташқари, Исроил суди Шайх Жарроҳ маҳалласида яшовчи араб оилаларини кўчириш тўғрисида қарор чиқарган. Чунки бу ерларга яҳудийлар даъво қилиб келади.

Қизил ярим ой жамиятининг маълумотларига кўра, Исроил полициясининг зўравонликлари оқибатида 700 дан ортиқ киши жароҳатланган, шундан 333 нафари шифохонага ётқизилган.

Шундан сўнг, Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати Исроилни огоҳлантирган: Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжиди ва Шайх Жарроҳ маҳалласидан аскарларни олиб чиқиб кетиш учун маҳаллий вақт билан соат 18:00 гача муддат қўйди.

Шарт бажарилмагач, 10 май куни ҲАМАС ҳаракати Исроилнинг бир қатор шаҳарларини 45 та ракета билан ўққа тутди. Бироқ Исроилнинг ҳаво ҳужумига қарши “Темир гумбаз” мудофаа тизими ушбу 45 ракетанинг катта қисмини осмоннинг ўзида зарарсизлантирди. Баъзилари эса аҳоли яшаш пунктига тушди. 

Бунга жавобан Исроил томони дарҳол 130 та ракета билан ҲАМАС ҳаракати жойлашган Ғазо секторини ўққа тутди. Оқибатда эса 22 фаластинлик, шу жумладан 9 бола ҳалок бўлди. ХАМАС Исроилга 350 та ракета билан жавоб қайтарди.

11 май куни Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Ғазо секторига зарбалар кучи ва частотасини кўпайтириш ниятида эканини эълон қилди.

Исроил полициясининг қаршилигига қарамасдан 13 май куни 100 мингдан зиёд мусулмон Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидида Ҳайит намозини ўқиди.

14 май куни эса Исроил мудофаа кучларининг ҳаво ва қуруқликдаги кучлари Ғазо секторига ҳужум бошлади.

Халқаро ҳамжамиятнинг реакцияси

Халқаро ҳамжамият Қуддусдаги воқеаларга тезда муносабат билдирди. БМТ Хавфсизлик Кенгаши 10 май куни Фаластиндаги можароларга бағишланган йиғилиш ўтказди, аммо якунда ҳеч қандай баёнот қабул қилинмади.

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров эса Исроил расмийларининг Шарқий Қуддусдаги ҳарбий амалиётини “қонунбузарлик” деб атаб, улар содир бўлган воқеа учун фаластинликлардан кечирим сўраши кераклигини таъкидлади.

Қатор мусулмон давлатлар умумий равишда Исроил халқаро ҳуқуқ нормларини бузаётганини айтиб, норозилик билдирди. Уларнинг орасида Иордания, Покистон, Саудия Арабистони, Миср, Қатар, Баҳрайн ва БАА бор.

Ўз навбатида, Исроил Бош вазири дунё ОАВни воқеалар ривожини нотўғри талқин қилганликда айблаб, мамлакат полициясининг зўравонликларини қўллаб-қувватлаган эди.

Бундан ташқари Исроил расмийлари можаролар бошланиши билан “тутинган акаси” АҚШдан вазиятга аралашмаслик ва халқаро босим ўтказмасликни сўради. Вашингтон эса ҳар икки томонни ҳам вазиятда айбдор деб, можарони тугатишга чақирди. Европа Иттифоқи эътиборини фаластинликларнинг ноқонуний кўчирилишига қаратди. Марказий Осиё давлатларидан Қозоғистон Ал-Ақсо масжиди атрофидаги вазиятни ҳурмат қилишга чақирди. Шунингдек, Ўзбекистон ҳам Ал-Ақсо масжиди дахлсизлигини таъминлашга чақирди.

Қолаверса, 11 май куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған қатор мусулмон давлатлар раҳбарлари билан Исроилнинг зўравонликларини муҳокама қилди.

Кейинчалик, Эрон Президенти Ҳасан Руҳоний Исроилнинг Шарқий Қуддус ва Ғазодаги сўнгги ҳужумларига муносабат билдириб, Миср ва Иорданиянинг ҳаракатсизлигини танқид қилди. У Исроил ҳукуматини “қонхўр сионист” деб атади.

Қолаверса, АҚШдаги Исроил бош консуллиги олдида Фаластинни қўллаб-қувватлаш учун митинг ўтказилди.Акцияда турк ва мусулмон жамоалари вакиллари, шунингдек, Neturei Karta православ яҳудий гуруҳи аъзолари иштирок этди.

12 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг телефон орқали мулоқотида Қуддусдаги тўқнашувлар муҳокама қилинди. Шунингдек, Эрдўған Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаровга қўнғироқ қилиб, Исроилга “сабоқ бериб қўйишда” шерик бўлишни таклиф қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Фаластин Исроил

Баҳолаганлар

180

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг