ХАМАС Исроилга 350 та ракета билан жавоб қайтарди (видео)
Олам
−
12 Май 2021
28022Фаластин ва Исроил ўртасидаги тўқнашувлар кенг миқёсли урушга айланиб бормоқда. Бугун, 12 май эрта тонгида Фаластиннинг исломий ҳаракати ХАМАС Исроил шаҳарларига 350 дан ортиқ ракета учирилганини эълон қилди.
Хабарга кўра, бу ҳужум Исроилнинг Ғазодаги ҳужумларига қарши жавобдир. Ракеталар Исроил пойтахти Тель-Авив, Лод, Ашкелон, Беер Шева ва бошқа шаҳарларга йўналтирилган.
Исроилнинг маҳаллий The Times of Israel газетасининг ёзишича, 11 май оқшомидан бери камида тўққиз марта пойтахт Тель-Авивдаги ракета ҳужумидан огоҳлантирувчи сиреналар ишга туширилган.
Исроил полициянинг қайд этишича, Лод шаҳридаги ҳужум вақтида ракета автомобиллардан бирига тўғридан-тўғри урилиб, камида икки киши – 40 ёшли аёл ва 7 ёшли бола ҳалок бўлган. Учинчи шахс жиддий жароҳат олган.
Эслатиб ўтамиз, 10 май куни Исроил армияси Фаластиндаги ХАМАС ва “Исломий Жиҳод” ҳаракатлари жойлашган нуқталарга юзлаб ракета зарбалари бериб, муҳим иншоотларни ўққа тутган эди.
Қуддусдаги вазиятнинг кескинлашиши
7 май – Рамазон ойининг охирги Жума куни, Қуддусдаги Ал-Ақсо масжиди атрофида тартибсизликлар бошланди. Бунга Исроил полицияси томонидан фаластинликлар таровеҳ намозини ўқиётган ушбу масжидга ҳужум қилгани сабаб бўлди. Бундан ташқари, Исроил суди Шайх Жарроҳ маҳалласида яшовчи араб оилаларини кўчириш тўғрисида қарор чиқарган. Чунки бу ерларга яҳудийлар даъво қилиб келади.
Қизил ярим ой жамиятининг маълумотларига кўра, Исроил полициясининг зўравонликлари оқибатида 700 дан ортиқ киши жароҳатланган, шундан 333 нафари шифохонага ётқизилган.
Шундан сўнг, Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати Исроилни огоҳлантирган: Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжиди ва Шайх Жарроҳ маҳалласидан аскарларни олиб чиқиб кетиш учун маҳаллий вақт билан соат 18:00 гача муддат қўйди.
Шарт бажарилмагач 10 май куни ҲАМАС ҳаракати Исроилнинг бир қатор шаҳарларини 45 та ракета билан ўққа тутди. Бироқ Исроилнинг ҳаво ҳужумига қарши “Темир гумбаз” мудофаа тизими ушбу 45 ракетанинг катта қисмини осмоннинг ўзида зарарсизлантирди. Баъзилари эса аҳоли яшаш пунктига тушди.
Бунга жавобан Исроил томони дарҳол 130 та ракета билан ҲАМАС ҳаракати жойлашган Ғазо секторини ўққа тутди. Оқибатда эса 22 фаластинлик, шу жумладан 9 бола ҳалок бўлди.
11 май куни Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Ғазо секторига зарбалар кучи ва частотасини кўпайтириш ниятида эканини эълон қилди.
Халқаро ҳамжамиятнинг реакцияси
Халқаро ҳамжамият Қуддусдаги воқеаларга тезда муносабат билдирди. БМТ Хавфсизлик Кенгаши 10 май куни Фаластиндаги можароларга бағишланган йиғилиш ўтказди, аммо якунда ҳеч қандай баёнот қабул қилинмади.
Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров эса Исроил расмийларининг Шарқий Қуддусдаги ҳарбий амалиётини “қонунбузарлик” деб атаб, улар содир бўлган воқеа учун фаластинликлардан кечирим сўраши кераклигини таъкидлади.
Қатор мусулмон давлатлар умумий равишда Исроил халқаро ҳуқуқ нормларини бузаётганини айтиб, норозилик билдирди. Уларнинг орасида Иордания, Покистон, Саудия Арабистони, Миср, Қатар, Баҳрайн ва БАА бор.
Ўз навбатида, Исроил Бош вазири дунё ОАВни воқеалар ривожини нотўғри талқин қилганликда айблаб, мамлакат полициясининг зўравонликларини қўллаб-қувватлаган эди.
Бундан ташқари Исроил расмийлари можаролар бошланиши билан “тутинган акаси” АҚШдан вазиятга аралашмаслик ва халқаро босим ўтказмасликни сўради. Вашингтон эса ҳар икки томонни ҳам вазиятда айбдор деб, можарони тугатишга чақирди. Европа Иттифоқи эътиборини фаластинликларнинг ноқонуний кўчирилишига қаратди. Марказий Осиё давлатларидан Қозоғистон Ал-Ақсо масжиди атрофидаги вазиятни ҳурмат қилишга чақирди.
Қолаверса, 11 май куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған қатор мусулмон давлатлар раҳбарлари билан Исроилнинг зўравонликларини муҳокама қилди.
Сардор Али Нурматов
LiveБарчаси
Путин халқига мурожаат қилди.
21 Ноябрь