Дунёнинг қатор мамлакатларида Фаластинни қўллаб-қувватлаш акциялари ўтказилди (фоторепортаж)
Олам
−
15 Май 2021
9965Исроил ва Фаластин ўртасидаги можароларнинг кескинлашиши фонида дунёнинг бир қатор шаҳарларида фаластинликларни қўллаб-қувватловчи намойишлар бўлиб ўтди.
Бельгия пойтахти Брюсселда ўнлаб одамлар Исроил элчихонаси олдида тўпландилар. Улар зўравонликларга қарши норозилик билдиришди. Тинч норозилик намойиши тахминан бир соат давом этди.
Исроил зўравонликларига қарши Данияга пойтахти Копенгагенда ҳам намойиш ўтказилди. Унда 4000 дан ортиқ одам қатнашди. Намойишчилар гуруҳи ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларига тош отишни бошлагандан сўнг, ҳаракатлар полиция билан тўқнашувга айланди. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимлари ҳаракатни бостириш учун кўздан ёш оқизувчи газ ва таёқлардан фойдаланишган.
Норозилик ҳаракатлари Туркиянинг Истанбул шаҳрида ҳам кенг тус олди. Намойишчилар Ғазо сектори ва Қуддусда ўлдирилган фаластинликларнинг рамзий дафн маросимини ўтказишга қарор қилишди. Улар “Қаршиликни давом эттиринг” шиори остида ҳаракатланди.
Бундан ташқари, Бангладеш пойтахти Даккада ҳам минглаб мусулмонларнинг юриши бўлиб ўтди. Намойишчилар “Фаластинни қутқаринг!”, “Ғазодаги геноцидни тўхтатинг!” деган чорловларни илгари сурди.
Фаластинликларни қўллаб-қувватлаш учун Испанияда ҳам намойиш ўтказилди. Унда бир неча минг киши қатнашди.
Франция пойтахти Парижда ҳам Фаластинни қўллаб-қувватлаш учун намойиш ўтказилди. Унда тўпланган одамларни тарқатиш учун полиция сувдан фойдаланди.
Исроил-Фаластин можаросининг кескинлашиши
Жорий йилнинг 7 май – Рамазон ойининг охирги Жума куни, Қуддусдаги Ал-Ақсо масжиди атрофида тартибсизликлар бошланди. Бунга Исроил полицияси томонидан фаластинлик араблар таровеҳ намозини ўқиётган ушбу масжидга ҳужум қилингани сабаб бўлди. Бундан ташқари, Исроил суди Шайх Жарроҳ маҳалласида яшовчи араб оилаларини кўчириш тўғрисида қарор чиқарди. Чунки бу ерларга яҳудийлар даъво қилиб келади.
Шундан сўнг, Ғазони назорат қилувчи фаластинликларнинг ҲАМАС ҳаракати Исроилни огоҳлантирди: Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжиди ва Шайх Жарроҳ маҳалласидан аскарларни олиб чиқиб кетиш учун маҳаллий вақт билан соат 18:00 гача муддат қўйди.
Шарт бажарилмагач, 10 май куни ушбу ҳаракат Исроилнинг бир қатор шаҳарларини 45 та ракета билан ўққа тутди. Бироқ Исроилнинг ҳаво ҳужумига қарши “Темир гумбаз” мудофаа тизими ушбу 45 ракетанинг катта қисмини осмоннинг ўзида зарарсизлантирди. Баъзилари эса аҳоли яшаш пунктига тушди. Вақт ўтиши ва икки ўртадаги зиддият ортиб бориши билан бу сценарий кўп марта такрорланди. ҲАМАС ракета учираверди, Исроил унинг катта қисмини зарарсизлантириб, қарши ҳужум билан жавоб қайтараверди.
Исроил судининг биргина қарори ва масжидга қилинган ҳужум шундай шиддатли ҳарбий ҳаракатларни келтириб чиқарди. Оқибатда эса Ғазо секторида яшовчи 126 араб ҳалок бўлди, 1000 га яқин жароҳат олди.
Халқаро муносабат
Таъкидлаш жоизки, халқаро муносабатларнинг баъзи иштирокчилари ушбу масалада фақат тил учида муносабат билдирган бўлса, бошқалари Исроилни ҳатто террорда айблади.
Айниқса, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ушбу масалада фаол: бир қатор исломий давлатлар раҳбарлари билан Исроилнинг хатти-ҳаракатларини муҳокама қилди, Арманистонга қарши урушда Туркия Озарбайжонни қандай қўллаган бўлса, Исроилга қарши курашда Фаластинни ҳам шундай қўллашини маълум қилди.
Эрдўған Фаластин давлатининг инқрозига бугун тўхталаётгани йўқ. У аввалдан жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини ушбу мавзуга қаратиб келган. Жумладан, 2019 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 74-мажлисида Эрдўған нутқ сўзлаб, Исроилнинг Фаластинни бутунлай эгаллаб олаётгани, БМТ эса бунга томошабин бўлиб турганини қоралади. Ўшанда Эрдўған минбарга Исроил ва Фаластин тупроқлари акс этган харита билан чиққан. Ундаги тўрт суратда 1948 йил – Исроил давлати ташкил топгандан буён Фаластин ерларини қанчалик эгаллаб бораётгани тасвирланган эди.
Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров эса Исроил расмийларининг Шарқий Қуддусдаги ҳарбий амалиётини “қонунбузарлик” деб атаб, улар содир бўлган воқеа учун фаластинликлардан кечирим сўраши кераклигини таъкидлади.
Қатор мусулмон давлатлар умумий равишда Исроил халқаро ҳуқуқ нормларини бузаётганини айтиб, норозилик билдирди. Уларнинг орасида Иордания, Покистон, Саудия Арабистони, Миср, Қатар, Баҳрайн ва БАА бор.
Кейинчалик, Эрон Президенти Ҳасан Руҳоний Исроилнинг Шарқий Қуддус ва Ғазодаги сўнгги ҳужумларига муносабат билдириб, Миср ва Иорданиянинг ҳаракатсизлигини танқид қилди. У Исроил ҳукуматини “қонхўр сионист” деб атади.
Исроилнинг “тутинган акаси” АҚШ эса ҳар икки томонни ҳам вазиятда айбдор деб, можарони тугатишга чақирди. Европа Иттифоқи эътиборини фаластинликларнинг ноқонуний кўчирилишига қаратди.
Марказий Осиё давлатларидан Қозоғистон Ал-Ақсо масжиди атрофидаги вазиятни ҳурмат қилишга, Ўзбекистон эса ушбу масжид дахлсизлигини таъминлашга чақирди.
Камола Амирова
LiveБарчаси