Туркий давлатлар ташкилоти Қозоғистонга ёрдам беришга тайёрлигини билдирди
Олам
−
06 Январь 2022
7445Туркий Давлатлар Ташкилоти Қозоғистондаги норозилик ҳаракатлари билан боғлиқ баёнот бериб, Қозоғистондаги тинчлик ва барқарорликка диққат билан кузатиб борилаётгани ва ташкилотга аъзо давлат Қозоғистон билан кучли бирдамлигини билдирган. Бу ҳақда Ташкилотнинг Twitter’даги саҳифасида ёзилган.
“Туркий Давлатлар Ташкилотига аъзо давлатлар сифатида Қозоғистондаги сўнгги воқеалардан келиб чиқиб, Қозоғистонда тинчлик ва барқарорликка катта аҳамият бераётганимизни таъкидлаймиз ва аъзо давлатимиз Қозоғистон билан мустаҳкам бирдамлигимизни билдирамиз. Қардош қозоқ халқининг соғлом фикр-мулоҳазаларига ва уларнинг нормал ҳолатга қайтиш истагига таянамиз.
Биз Қозоғистон халқи бу тарангликни тинч йўл билан бартараф этишга, тартиб ва осойишталикни тиклашга қодир, деб ҳисоблаймиз.
Биз Қозоғистон ҳукумати ва халқига ёрдам беришга тайёрмиз. Воқеаларда қурбон бўлганларнинг яқинларига ҳамдардлик билдирамиз ва жароҳатланганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилаймиз”, дейилади Ташкилот баёнотида.
Қозоғистонда намойишлар
Қозоғистонда норозилик акциялари янги йилнинг илк кунларидан бошланди. Жанаозен шаҳрида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи 120 тенгега (қарийб 3 минг сўм) кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий митингга чиқди. Тобора оловланган намойишлар ортидан Ҳукумат комиссияси Ақтау шаҳридаги “Ынтымак” майдонида намойишчилар билан учрашган. Учрашув давомида суюлтирилган газ нархини пасайтириш ва Манғистау вилоятида газ нархини литри учун 50 тенге этиб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Музокара давомида томонлар барча юзага келаётган муаммоларни конструктив мулоқотнинг асосий оқимида ва амалдаги қонунчилик доирасида ҳал қилишга келишиб олган.
Шунингдек, митинг иштирокчилари жавобгарликка тортилмаслигига ҳам кафолат берилганди. Лекин, 5 январь куни Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакатнинг бир қанча вилоятларида содир этилган ноқонуний ҳаракатлар чоғида жамоат тартибини бузганлик учун 200 дан ортиқ кишини қўлга олди.
5 январь куни, шунингдек, Қозоғистоннинг амалдаги Ҳукумати истеъфо берди. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Ҳукумат истеъфосини қабул қилди. Шунингдек, Қозоғистоннинг Биринчи Президенти - Элбоши Нурсултон Назарбоев Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимидан кетди. Унинг ўрнини Президент Тўқаев эгаллади.
Шунингдек, Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Карим Масимов лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнини Ермек Сагимбаев эгаллади.
Қозоғистонда бутун мамлакат бўйлаб 19 январгача фавқулодда ҳолат жорий этилди. Шунингдек, шу кунларда соат 23:00 дан 07:00 гача комендантлик соати амалда бўлади.
Тўқаев мамлакатдаги норозилик вазиятига Ҳукумат, хусусан, Энергетика вазирлиги, шунингдек, “Казмунайгаз” ва “Казакгаз” компанияларини айблади.
Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКБ) мамлакатга чекланган муддатга тинчликпарвар кучларни киритиш тўғрисида қарор қабул қилди.