“Туркий дунё келажагини ёшлар қуради”. Қамариддин Шайхов Туркий мулоқот форумида нутқ қилди (видео)
Local
−
21:23 416 5 minutes
Туркий дунё ёшларининг дунё билан фаол мулоқотда бўлган ҳолда, ўз шахсияти ва маданиятини танийдиган, кўҳна ўтмишидан куч оладиган, замонавий фан ва технологияларни яратиб, уларни ривожлантирадиган инсонлар бўлиб вояга етиши жуда муҳим. Чунки улар туркий дунё келажагини қуришда асосий куч. Бу ҳақда бугун, 31 октябрь куни QALAMPIR.UZ раҳбари Қамариддин Шайхов Туркиянинг Анқара шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг 13-саммити доирасидаги Туркий мулоқот форумида сўз очди.
Анқарада ушбу форумда қатнашиш учун Туркий давлатлар ташкилотига аъзо ва кузатувчи мамлакатлардан академиклар, профессорлар, фикр етакчилари ва медиа соҳаси вакиллари тўпланди. Хусусан, Ўзбекистондан QALAMPIR.UZ раҳбари Қамариддин Шайхов, Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа, Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти ректори вазифасини бажарувчи Элдор Шерманов ва бошалар иштирок этди.
Форум доирасида Қамариддин Шайхов сўзга чиқди ва ўз нутқида туркий дунё келажагини қуришда ёшларнинг аҳамиятини қайд этди. Шунингдек, бошқа қатор масалалар юзасидан ўз фикрларини билдирди.
“Биз бу ерда Самарқанд, Бухоро, Истанбул, Коня, Туркистон, Қорабоғ, Шемаҳа, Ўш, Чўлпон-Ота, Марв ва Қошғарнинг овозимиз. Бу заминларда минг йиллардан бери яшаб келаётган халқлар тарихи, маданий хотираси ва келажакка бўлган умидларини ифода этамиз.
Ҳозир номини тилга олган ушбу тарихий марказлар турк дунёсининг минг йиллик кўҳна ўтмишининг, у барпо этган буюк давлат ва империяларнинг, Шарқ ва Ғарбни бир-бирига боғловчи Ипак йўли бўйлаб ривожланган бой цивилизация меросининг жонли гувоҳларидир. Бу муштарак мерос ўтмишдан бизга қолган бойлик бўлиш билан бирга, бир-биримизни яқинроқ тушунишимиз ва умумий келажагимизни биргаликда қуришимиз учун ҳам кучли пойдевордир”, дейди Қамариддин Шайхов ўз нуқти аввалида.
Шунингдек, у ушбу форумнинг ташкил этилишига бош-қош бўлган Туркия Республикаси Президентлигининг Коммуникациялар бошқармаси бошлиғи Бурҳониддин Дуранга миннатдорлик билдирди ва Туркия Республикаси ташкил топганининг 103 йиллиги муносабати билан турк халқини муборакбод этди.
Бундан ташқари, Қамариддин Шайхов тарих давомида туркий халқларнинг бир-биридан узоқлашгани, биргаликда ҳаракат қилинмаган даврларда қанчадан қанча имкониятлар бой берилганини қайд этди ҳамда ҳозирги шароитда халқлар бирлашаётгани бир аср олдин орзу бўлганини билдирди. Унинг айтишича, бугунги воқеалик – бу салоҳиятнинг муштарак ирода ва ҳамжиҳатлик билан ҳаракатга келиши, буюк цивилизация меросининг келажакка йўналиш бериш қатъиятидир.
Шу билан бирга, QALAMPIR.UZ раҳбари ҳозирги даврда туркий халқлар бир-бирининг қўлини маҳкамроқ тутиши ва инсон қадрини ҳимоя қилувчи умумий овозни ҳар қачонгидан-да баланд кўтариш ҳар доимгидан ҳам муҳимроқ эканини айтди.
Шунингдек, у 2020 йилда Қорабоғ масаласида намоён этилган бирдамлик турк дунёсининг кучини яна бир бор кўрсатганини, Ўрта коридор стратегик муқобил сифатида бугунги кунда алоҳида аҳамият касб этаётганини қайд этди. Энергетика хавфсизлиги ва манбалар хилма-хиллиги ҳар қачонгидан ҳам муҳим бир даврда турк дунёси углеводород захиралари билан биргаликда қуёш ва шамол энергетикаси салоҳияти билан ҳам ажралиб туриши урғуланди.
Шунингдек, Қамариддин Шайхов ўз нутқида асосий мавзу – туркий дунё келажагини қуришда ёшларнинг аҳамияти юзасидан ўз таклиф ва фикрларини баён этди.
“Глобал ўзгаришларни фақат саноат ишлаб чиқариши ёки транспорт тармоқлари орқалигина ўлчаб бўлмайди. Ахборот жадал тарқалаётган, жамоатчилик фикри турли ҳикоялар ва ёндашувлар асосида шаклланаётган бугунги дунёда ўз овозини эшиттира оладиган жамиятлар халқаро кун тартибини шакллантиришда ҳам сўз соҳибига айланади. Шу боисдан ҳам турк дунёсининг умумий тажрибаси, қадриятлари ва келажакка қаратилган нигоҳини дунёга ўз тили билан етказа олиши ўта муҳим аҳамиятга эга”, дейди QALAMPIR.UZ раҳбари.
Унинг айтишича, муштарак медиа платформалар ва рақамли контент тармоқларини кучайтириш, ёш контент яратувчилар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш зарур. Ёшларни фақатгина контент истеъмол қилувчи омма сифатида эмас фикрлайдиган, савол берадиган ва яратадиган, умумий келажакни шакллантиришга ҳисса қўшадиган шахслар сифатида қўллаб-қувватлаш керак.
“Ёшларимизнинг дунё билан фаол мулоқотда бўлган ҳолда, ўз шахсияти ва маданиятини танийдиган, кўҳна ўтмишидан куч оладиган, замонавий фан ва технологияларни яратиб, уларни ривожлантирадиган инсонлар бўлиб вояга етиши жуда муҳим. Тарихимиздан фахрланиш билан бирга, келажак авлодлар ҳам фахр билан эслайдиган илмий, маданий ва ижтимоий ютуқларни биргаликда яратишимиз шарт. Эндиликда умумий келажагимизга йўналиш берадиган янги тарих ёзиш вақти келди”, дейди Қамариддин Шайхов.
Унинг билдиришича, бугун туркий дунёни ташкил этувчи давлатлар ўз суверенитети ва сиёсий мустақиллигини қатъият билан ҳимоя қилишлари ғоят муҳим. Минтақавий ва глобал кучлар рақобати муносабатларга путур етказишига, орадаги ишончни емиришига ва туркийларни бир-биридан узоқлаштиришига йўл қўйилмайди.
“Халқаро воқеалар шиддат билан ўзгариб бораётган бир даврда умумий келажагимизни бошқаларнинг манфаатлари ва устуворликларига қараб шакллантира олмаймиз. Глобал мувозанатларни шакллантиришда сўз соҳиби бўлишни истасак, ўз устуворликларимизни ўзимиз белгилашимиз, муштарак манфаатларимиз йўлида ҳаракат қилишимиз ва ҳамкорлигимизни барқарор институтлар орқали мустаҳкамлашимиз лозим. Очиғини айтганда, бундан кейин биз бир ҳовуч давлатларнинг бизнинг устимиздан қабул қиладиган қарорларининг ўйинчоғи бўла олмаймиз, бунга ҳеч қачон рози бўлмаймиз”, дейди QALAMPIR.UZ раҳбари.
Шунингдек, у ўз нутқи якунида тарих туркий халқларга умумий келажакни биргаликда қуриш учун улкан имконият тақдим этаётганини урғулади.
“Бугун Анқарадан жаранглаётган овозимиз – тинчлик, ҳамжиҳатлик, тараққиёт ва адолат овозидир. Келинг, бу овозни муштарак иродамиз ва аниқ қадамларимиз билан янада кучайтирайлик. Туркий дунёнинг овози халқларимизнинг умидларини ташиб келувчи, инсониятнинг умумий келажагига ҳисса қўшувчи қудратли овоз сифатида бутун дунёда акс-садо берсин!” дейди у.
Live
All