Туркиялик сиёсатчи Россия нега ТДТга аъзо бўла олмаслигини айтди

Олам

−

image

Туркия Адолат ва тараққиёт партияси раиси ўринбосари Куршод Зўрлу Россиянинг Туркий давлатлар ташкилотида (ТДТ) кузатувчи мақомини олиши мумкинлиги ҳақидаги таклифга муносабат билдирди. У Россия ташкилотга на тўлақонли аъзо, на кузатувчи бўла олишини айтди. Бу ҳақда у “TRT Avaz”га берган интервьюсида сўз очди. 

Зўрлу Россия Федерацияси таркибида Татаристон, Бошқирдистон, Саха (Якутия) ва бошқа бир қатор туркий республикалар борлигини билдирди. Шу сабабли, Россия билан маданий мулоқот олиб бориш табиий ҳолат деб баҳоланади.

Шу билан бирга, у кузатувчи мақомини олиш учун давлатлар туркий тиллардан бирини давлат тили сифатида тан олган бўлиши кераклигини эслатган. Бундан ташқари, мазкур тил фақат айрим ҳудудларда эмас, балки мамлакатнинг бутун ҳудудида қўлланилиши лозим.

Партия вакили 2015 йилда Россия ҳукумати Туркий маданият халқаро ташкилоти (ТУРКСОЙ) билан ҳамкорликни амалда тўхтатганини ҳам эслатган.

Ўша пайтда Россия Маданият вазири Владимир Мединский Олтой, Бошқирдистон, Татаристон, Хакасия, Тува ва Якутия раҳбарларига расмий телеграммалар юбориб, ташкилот билан барча алоқаларни тўхтатиш ҳамда унинг тадбирларида иштирок этмасликни талаб қилган.

Бу воқеа Туркия ҳарбий-ҳаво кучлари Сурияда Россияга тегишли Су-24 бомбардимончи самолётини уриб туширганидан кейин икки давлат ўртасидаги муносабатлар кескинлашган даврда юз берган. 

Зўрлу Россияни ушбу вазиятни қайта кўриб чиқишга ва маданий ҳамкорликни қайта тиклашга чақирди.

Сиёсатчи ТДТга нафақат Россия, балки бошқа давлатлар ҳам қизиқиш билдираётганини қайд этди. Унинг айтишича, тил талабларига жавоб бермайдиган мамлакатлар учун муқобил ҳамкорлик шакли – ТДТ+ формати мавжуд. Ушбу формат учинчи давлатлар билан ўзаро манфаатлар асосида ҳамкорликни ривожлантириш имконини беради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 30 октябрь куни Туркий давлатлар ташкилотининг 13-саммитида Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Россия билан алоқаларни кенгайтириш тарафдори эканини билдирганди ва нима учун унинг бирлашмадаги иштироки барча мамлакатлар учун фойдали бўлиши мумкинлигини айтганлиги ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг