“Толибон” Москвадаги терактга алоқадор гуруҳни йўқотишга сўз берди

Олам

image

Афғонистоннинг ҳукмрон "Толибон" ҳаракати ИШИДнинг “Хуросон” бўлинмасига қарши барча имкониятларини ишга солиб, курашади. Бу ҳақда ҳаракатнинг Қатардаги сиёсий идораси раҳбари Суҳайл Шахин маълум қилди.

Қайд этилишича, журналистлар Москва яқинидаги терактдан кейин "Толибон" террорга қарши курашда Россия билан ҳамкорлик қилиши ёки йўқлигига қизиққан. 

Аввалроқ, тармоқларда Москва вилоятидаги “Крокус” концерт залида қонли ҳужум уюштирганлар Афғонистондаги “Хуросон овози” Telegram-канали орқали ёллангани, ҳозирда ўчириб ташланган канал Афғонистондан "Хуросон вилояти" террор гуруҳи томонидан назорат қилингани ҳақида маълумотлар сиздирилганди. 

"Қўлимиздан келган барча ишни қиламиз. Афғонистон халқига таҳдид солмасликлари учун ҳам уларга қарши курашамиз", деган Шахин.

Маълумот учун, Москва яқинида жойлашган “Крокус Сити Ҳолл” концерт залида содир этилган теракт учун жавобгарликни “Исломий давлат” (ИШИД) террорчилик ташкилотининг Афғонистондаги Хуросон вилояти бўлинмаси ўз зиммасига олганди.

Эслатиб ўтамиз, 22 март куни кечаси Москва яқинидаги Красногорскдаги “Крокус Сити Ҳолл” концерт залида номаълум шахслар отишма бошлади, бинода портлаш содир бўлди ва ёнғин чиқди. 

Бинонинг учдан бир қисми ёниб кетган, атрофни қуюқ қора тутун қоплаган. Ўт ўчирувчилар одамларни том орқали олиб чиқишга муваффақ бўлган ва 100 га яқин одам эвакуация қилинган. 

Россия Федерацияси Тергов қўмитаси теракт юзасидан жиноий иш қўзғатди. Россия Фидерал Хавфсизлик Хизмати (ФХХ) директори Александр Бортников Россия Президенти Владимир Путинга 11 киши ҳибсга олинганини очиқлади.

Украина Президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк Украинанинг Москва яқинидаги “Крокус Сити Ҳолл”даги терактга алоқаси йўқлигини маълум қилди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев теракт муносабати билан Президент Владимир Путинга ҳамдардлик билдирди. Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги терактни қоралади. Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси теракт оқибатида жабрланганлар орасида ўзбекистонликлар борлиги ҳақида маълумот келиб тушмаганини билдирди

Шунингдек, Россия Тергов қўмитаси теракт оқибатида ҳалок бўлганлар сони 133 нафарга етгани ҳақида хабар берганди.


Мақола муаллифи

Теглар

ИШИД Толибон уруш Моквадаги теракт

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг