Украинанинг Москвадаги терактга алоқаси йўқ – Зеленский идораси
Олам
−
23 Март
6322Украина Президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк Украинанинг Москва яқинидаги “Крокус Сити Ҳолл”даги терактга алоқаси йўқлигини маълум қилди. Унинг сўзларини “Страна.уа” нашри келтирди.
“Келинг, тузатиш киритамиз. Украинанинг бу воқеаларга ҳеч қандай алоқаси йўқ”, дейди Подоляк.
Ўз навбатида, Украина Мудофаа вазирлиги разведка бош бошқармаси вакили Андрей Юсов Москва яқинидаги “Крокус Сити Ҳолл”даги теракт Россия махсус хизматларининг “провокацияси” эканини айтди.
Россия расмийлари “Крокус Сити Ҳолл” даги теракт учун ким жавобгар деб топилганини ҳозирча эълон қилмаган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 22 март куни кечаси Москва яқинидаги Красногорскдаги “Крокус Сити Ҳолл” концерт залида номаълум шахслар отишма бошлади, бинода портлаш содир бўлди ва ёнғин чиқди.
Баъзи маълумотларга кўра, камида уч киши бўлган қуролланган шахслар ўт очган. Айни вақтгача қурбонлар сони 60 дан ошди.
Бинонинг учдан бир қисми ёниб кетган, атрофни қуюқ қора тутун қоплаган. Ўт ўчирувчилар одамларни том орқали олиб чиқишга муваффақ бўлган ва 100 га яқин одам эвакуация қилинган.
Россия Федерацияси Тергов қўмитаси теракт юзасидан жиноий иш қўзғатди.
Ҳозирда терактдан кейин шифохоналарда 110 нафар катталар ва 5 нафар бола ётибди, 60 нафар катталарнинг аҳволи оғир. Бу ҳақда Москва вилояти губернатори Андрей Воробьев маълум қилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев теракт муносабати билан Президент Владимир Путинга ҳамдардлик билдирди. Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги терактни қоралади. Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси теракт оқибатида жабрланганлар орасида ўзбекистонликлар борлиги ҳақида маълумот келиб тушмаганини билдирди.