Бесландан кейинги 2-йирик теракт: қурбонлар сони 133 нафарга етди
Олам
−
23 Март
14822Москва яқинидаги "Крокус Сити Ҳолл" концерт залида содир этилган теракт оқибатида ҳалок бўлганлар сони 133 нафарга етди. Бу ҳақда Россия Федерацияси Тергов қўмитаси маълум қилди.
Бундан олдин ижтимоий тармоқлардаги айрим каналлар 150 киши қурбон бўлгани ҳақида хабар тарқатган эди. Ушбу маълумотлар ўз тасдиғини топмаган.
Москва вилояти соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, айни пайтда 127 киши жароҳат олган.
Айтиш жоизки, ушбу ҳужум Бесландан кейин қурбонлар сони бўйича Россиядаги энг йирик теракт бўлди.
Маълумот учун, 2004 йилнинг сентябрида Россия таркибидаги Шимолий Осетия Республикасининг Беслан шаҳридаги мактабда террор ҳужуми бўлган эди. Бунинг оқибатида жами 334 киши ҳалок бўлган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 22 март куни кечаси Москва яқинидаги Красногорскдаги “Крокус Сити Ҳолл” концерт залида номаълум шахслар отишма бошлади, бинода портлаш содир бўлди ва ёнғин чиқди.
Баъзи маълумотларга кўра, камида уч киши бўлган қуролланган шахслар ўт очган. Дастлаб қурбонлар сони 80 дан ошганди.
Бинонинг учдан бир қисми ёниб кетган, атрофни қуюқ қора тутун қоплаган. Ўт ўчирувчилар одамларни том орқали олиб чиқишга муваффақ бўлган ва 100 га яқин одам эвакуация қилинган.
Россия Федерацияси Тергов қўмитаси теракт юзасидан жиноий иш қўзғатган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев теракт муносабати билан Президент Владимир Путинга ҳамдардлик билдирди. Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги терактни қоралади. Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси теракт оқибатида жабрланганлар орасида ўзбекистонликлар борлиги ҳақида маълумот келиб тушмаганини билдирди.