“Титан” сув ости кемаси ҳалокатидан сўнг барча экспедициялар тўхтатилди
Олам
−
07 Июль 2023
5008Атлантика океанида “Титан” батискафининг жорий йилнинг июнь ойида ҳалокатга учраши ортидан барча экспедициялар тўхтатилди. Бу ҳақдаги маълумот ушбу сув ости саёҳатларини уюштирувчи OceanGate компаниясининг веб-сайтида пайдо бўлди.
Эълон биргина гапдан иборат бўлиб, у сайтга қачон жойлангани номаълум. AFP нашри эса хабар чиқарилган сана сифатида 6 июль кунини кўрсатган.
“OceanGate барча қидирув ва тижорат операцияларини тўхтатди”, дейилади унда.
Гап шундаки, “Титан” ҳалокатга учрагани ва бортдаги 5 киши ўлгани ҳақидаги хабарлар тасдиқланганига қарамай, OceanGate компанияси бундай саёҳатлар учун чипталар сотишда давом этаётгани ва ушбу саёҳатлар нархи 250 минг доллар экани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Компания бу ҳақда бошқа маълумот бермаган. АҚШ ва Канада ҳукумати эса батискафдаги одамлар ўлимининг сабабини текширишда давом этмоқда. АҚШ қирғоқ қўриқчиларининг таъкидлашича, батискаф “ҳалокатли портлаш” оқибатида вайрон бўлган. Мутахассислар унинг корпуси босимга бардош бера олмагани ва катта чуқурликдаги сув босими билан сиқилгани ҳақида айтган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 18 июнь куни Атлантика океанининг “Титаник” кемаси чўккан қисмига экспедиция уюштирган “Титан” сувости кемаси ғойиб бўлган эди. Шундан сўнг йўқолган батискафда кислород тугаган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берилди. Кейинроқ АҚШ қирғоқ қўриқлаш хизмати қидирув ҳудудидан номаълум қолдиқлар топилганини маълум қилди ва батискаф фожиаси сабаблари бўйича расмий тергов бошланди.
Экипаж аъзолари эса ҳалок бўлгани айтилганди. Кейинроқ батискаф вайроналари орасидан одам қолдиқлари топилди.
Севара Ҳусниддинова
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь