“Титаник” чўккан жойда йўқолган сувости кемасида кислород тугади – ОАВ
Олам
−
22 Июнь 2023
17740Тўрт кун аввал, 18 июнь куни Атлантика океанининг машҳур “Титаник” кемаси чўккан жойига экспедиция уюштирган сайёҳлик сувости кемаси ғойиб бўлгани эди. Сўнгги маълумотларга қараганда, йўқолган батискафдаги кислород захираси тугаган бўлиши мумкин.
ОАВ бераётган хабарларга кўра, Атлантика океанида йўқолган батискафдаги кислород захиралари Тошкент вақти билан соат 16:08 да тугаган. Ҳозирда батискафни қидиришнинг бешинчи куни давом этмоқда. Бироқ ҳалигача унинг изи топилмаган.
“Титаник”нинг 3800 метр чуқурликда ётган чўкмасига сувости экспедицияси уюштирган батискафнинг ҳамроҳ кема билан алоқаси жорий йил 18 июнь куни шўнғиш бошланганидан 1 соат 45 дақиқа ўтиб йўқолиб қолган.
Унинг бортида беш киши, жумладан, 3 нафар сайёҳ борлиги маълум. Экспедиция учун сайёҳларнинг ҳар биридан 250 минг доллардан олинган.
Экспедиция ташкилотчиси OceanGate Expeditions сувости кемаси бортидаги одамлар билан бирга йўқолганини тасдиқлаган.
Компаниянинг аниқлик киритишича, кема экипажнинг тахминан 96 соат давомида нафас олишини таъминлаши мумкин. “Reuters”га кўра, кислород баллонларидаги захира бугун эрталаб тугаган бўлиши мумкин. Мутахассисларнинг таъкидлашича, кислород истеъмол қилиш вақти кемада энергия мавжудлиги, шунингдек, бортда бўлганларнинг ҳолати каби омилларга боғлиқ — агар “Титан” ҳали ҳам ишдан чиқмаган бўлса.
Шунингдек, агар сув ости кемаси сув юзасига қайтишга муваффақ бўлганида, уни очиқ денгизда аниқлаш қийин бўлар эди ҳамда ичкарида бўлганлар ёрдамсиз чиқиб кетолмасди.
Агар “Титан” океан тубида бўлса, қутқарувчилар бундай чуқурликда катта босимга дуч келишлари керак. Титаник мутахассиси Тим Малтиннинг фикрича, денгиз тубида қутқарув операциясини амалга ошириш деярли имконсиз.
“Sky News” телеканалининг хабар беришича, бортда OceanGate Expeditions асосчиси Стоктон Руш, француз акванавти Пол-Анри Наржоле бор. Анри Наржоле “Титаник”га қилинган бир нечта экспедицияларни бошқарган ва ҳалокат жойидан қадимий топилмаларни олиб чиқишга раҳбарлик қилган. Бирлашган Араб Амирликларида яшовчи таниқли британиялик миллиардер Ҳамиш Хардинг ҳам экипаж аъзолари орасида бор. У самолёт ускуналарини сотиш ва эксплуатация қилиш бўйича Action Aviation компаниясига эгалик қилади.
Шунингдек, йўқолган батискафда Буюк Британияда яшовчи 48 ёшли покистонлик тадбиркор Шаҳзода Довуд ва унинг 19 ёшли ўғли Сулаймон ҳам борлиги маълум қилинган.
Маълумот учун, “Титан”нинг ўлчами тахминан микроавтобус катталигига тенг – узунлиги 6,7 метр. Шу билан бирга батискаф 20 минг квадрат/километр майдон бўйлаб қидирилмоқда. Бу деярли Жиззах вилоятининг катталигига тенг дегани.
LiveБарчаси