“Титаник” чўккан жойда сайёҳлик сувости кемаси ғойиб бўлди
Олам
−
19 Июнь 2023
15449Атлантика океанида сайёҳларни 1912 йилда машҳур “Титаник” кемаси чўккан жойга олиб борувчи сувости кемаси ғойиб бўлди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Қайд этилишича, изсиз йўқолган кема бортида қанча одам бўлгани аниқ эмас. Ҳозирда Бостон қирғоқ қўриқлаш хизмати уни топиш бўйича операция бошланганини маълум қилган.
Бугунги кунда бир қанча кичик сувости кемалари сайёҳлар ва мутахассисларни океан тубидаги “Титаник” чўкмасини томоша қилиш учун олиб боради. Шундай хусусий компаниялардан бири ҳисобланган OceanGate Expeditions яқинда ижтимоий тармоқлар орқали ўзининг экспедицияларидан бири давом этаётгани ҳақида хабар берган. Компания 8 кунлик саёҳатда қатнашиш учун талабгорлардан 250 минг доллардан олган.
OceanGate Expeditions ўз сувости кемасидаги саёҳатни “кундалик ҳаётдан ташқарига чиқиш ва чиндан ҳам ғайриоддий нарсани кашф қилиш имконияти”, дея таърифлаган.
Маълумот учун, “Титаник” кемаси 1912 йилнинг 15 апрель куни Саутгемптондан Нью-Йоркка ўзининг биринчи сафари вақтида айсбергга урилган. Бортдаги 2200 йўловчидан 1500 дан ортиғи ҳалок бўлган. Кема чўкмаси 1985 йилда топилган бўлиб, у Канаданинг Ньюфаундленд соҳилидан тахминан 600 километр узоқликда, океаннинг 3800 метр чуқурлигида жойлашган.
Эслатиб ўтамиз, OceanGate Expeditions океан тубига саёҳатларини 2021 йилдан бошлаган эди.
LiveБарчаси