Парчаланиб кетган “Титан” батискафи сифатсиз материаллардан тайёрлангани айтилмоқда
Олам
−
01 Июль 2023
8389OceanGate бош директори Стоктон Руш сафардан бироз олдин “Титан” сув ости кемасини қуришда "муддати ўтган" материаллардан фойдалангани билан мақтанган. Бу ҳақда “The Washington Post” нашри Travel Weekly бош муҳаррири Арни Вайсманнга таяниб, маълум қилди.
Айтилишича, Вайсманн июнь экспедициясида иштирок этиши мумкин эди, аммо жадвалдаги ўзгаришлар туфайли у буни қила олмаган. Бунинг ўрнига у май ойида шўнғишга рози бўлган, бироқ об-ҳаво ёмонлиги сабабли ушбу сафар бекор қилинган. Муҳаррир шўнғиш арафасида бўлган суҳбат унинг хотирасида қолганини айтган.
Рушнинг сўзларига кўра, у кемани яратишда фойдаланилган углерод толасини Boeing компаниясидан катта чегирма билан сотиб олган.
“Мен дарҳол ҳайрон бўлиб сўрадим: “Сиз бундан ташвишланмаяпсизми, бу хавфли эмасми?” У менсимасдан “Йўқ, ҳаммаси яхши”, деб айтди”, дея эслаган Вайсманн.
Нашрга кўра, ўз навбатида Boeing Рушнинг баёнотларини рад этган. Компанияда OceanGate ёки унинг бош директорига материаллар сотилгани ҳақида ҳеч қандай маълумот топилмаган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 18 июнь куни Атлантика океанининг “Титаник” кемаси чўккан қисмига экспедиция уюштирган “Титан” сувости кемаси ғойиб бўлган эди. Шундан сўнг йўқолган батискафда кислород тугаган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берилди. Кейинроқ АҚШ қирғоқ қўриқлаш хизмати қидирув ҳудудидан номаълум қолдиқлар топилганини маълум қилди ва батискаф фожиаси сабаблари бўйича расмий тергов бошланди. Экипаж аъзолари эса ҳалок бўлгани айтилганди. Кейинроқ батискаф вайроналари орасидан одам қолдиқлари топилди.
LiveБарчаси