“Сурия” ёки “корейс” сценарийси бўлмайди. Украинадаги уруш қандай тугаши айтилди

Олам 15321
image
-

Украинадаги уруш “Сурия” ёки “Корейс” сценарийси бўйича тугаши мумкин эмас. Ягона вариант – Украина Қуролли кучларининг ғалабаси ва барча босиб олинган ҳудудларни озод қилиш. Бу ҳақда Украина мудофаа вазири Алексей Резников “Украйинска правда” газетасига берган интервьюсида маълум қилди.

Резников урушнинг тугаш сценарийларини таҳлил қилар экан, Украинадаги жанговар ҳаракатлар “Корея сценарийси” бўйича тугамаслигини, чунки Россия 2014 йилдаёқ қуролли можарони музлатиш имкониятини бой берганини айтган.

Шу билан бирга, Резников Украинада “Сурия” сценарийсини қўллаш ҳам мумкин эмас, деб ҳисоблайди.

“Сурияга келсак, русларнинг ҳам ресурслари тугаб бормоқда: ҳам инсоний, ҳам қуролли. Аксинча, бизда ҳамкорлар қўшилмоқда. Яъни, улар айтганидек, жамоавий Ғарб, цивилизациялашган Ғарб, бугунги кунда бизнинг ғалабамиздан кўпроқ манфаатдор”, дея тушунтирган вазир.

Резниковнинг қўшимча қилишича, дунё глобал иқтисодий муаммолар билан рўбарў келганда баъзи сиёсатчилар Украина ва Россияни музокаралар столига ўтказишни орзу қила бошлайди.

“Шунинг учун, биз тегишли қарорлар, Қуролли Кучларнинг ҳаракатлари, шерикларнинг қурол-яроғларини кўпайтириш ва Украина Қуролли Кучлари, бутун хавфсизлик ва мудофаа сектори бўлган ишонч туфайли иложи борича ғолиблик позициясида бўлишимиз керак. Мен бу амалга ошадиган режа эканлигига мутлақо ишонаман”, дея таъкидлаган вазир.

Аввалроқ Резников урушнинг иссиқ босқичи қиш бошланишига қадар тугашига умид қилаётганини очиқчасига айтган эди. Бироқ интервьюда Мудофаа вазирлиги раҳбари украиналик аскарларнинг хандақлардан чиқиб кетишини назарда тутмаганини айтиб, сўзларига ойдинлик киритган.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 52
Рейтинг: 3.1
t
×