Стикерсиз автомобиллар энди тўғри “штрафной”га олиб кетилади

Жамият

image

Энди карантин даврида Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоятлар марказларида махсус рухсатнома (стикер) автомобиль бошқарган ҳайдовчилар жаримага тортилмайди, аксинча, уларнинг автомобиллари жарима майдончасига олиб кетилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг навбатдаги йиғилиши қарорида айтилган. 

Унга кўра, жорий йил 6 апрелидан эътиборан карантин талабларининг ижросини сўзсиз таъминлаш ҳамда махсус рухсатномаси мавжуд бўлмаган ҳолда ҳаракатланаётган автотранспорт воситаларини ҳуқуқбузарлик давом эттирилишига йўл қўймаслик мақсадида истисно тариқасида ички ишлар органлари йўл-патруль хизмати ходимлари томонидан карантин даврида автотранспорт воситасини махсус рухсатномасиз бошқарганлик учун транспорт воситасини жарима майдончасига жойлаштириш йўли билан ушлаб турилади. 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг жорий йил 28 мартдаги қарорига кўра, 30 март соат 06:00 дан 20 апрель соат 00:01 га қадар вилоятлараро, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида Давлат хизматлари марказлари томонидан бериладиган махсус рухсатнома (стикер)ларсиз автомобиль бошқариш тақиқланди.

Ушбу талабга бўйсунмасдан, карантин қоидасини бузиб махсус рухсатномасиз кўчаларда автомобиль билан ҳаракатланаётганлар Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддасига кўра базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан 30 бараваригача, мансабдор шахслар эса 30 бараваридан 50 бараваригача жаримага тортилаётган эди

Давлат хизматлари марказлари 2020 йил 4 апрель соат 18:00дан бошлаб аризалар қабулини вақтинча тўхтатишга қарор қилди. Ҳозирги вақтда мутахассислар томонидан 60 832 аризаларни кўриб чиқиш жараёни давом этмоқда. Таъкидлашича, аризаларни қабул қилиш 6 апрель куни соат 18:00 дан бошланади. 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтгача коронавирусга чалинганлар 266 нафарга етди. Уларнинг 25 нафари даволанди, 2 нафари вафот этди.

Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor


Мақола муаллифи

Теглар

коронавирус стикер Коронавирус Ўзбекистонда жарима майдончаси

Баҳолаганлар

143

Рейтинг

2.8

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг