Диққат! Тошкентда автомобиллар эвакуацияси учун тўлов кескин оширилди
Жамият
−
04 август 3735 2 дақиқа
Тошкент шаҳар ҳокимининг тегишли қарори билан пойтахтда автомобилларни эвакуация қилиш ва жарима майдончаларида сақлаш учун тўловларнинг энг юқори миқдори белгиланмоқда. Бу ҳақда Тошкент шаҳрида Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази хабар берди.
Қайд этилишича, бу чора йўлаклар ва пиёдалар ҳудудлари одамлар учун эркин бўлиши лозим бўлган қулай, хавфсиз ва тартибли шаҳар муҳитини яратиш бўйича олиб борилаётган изчил ишларнинг бир қисми.
Қарорга кўра:
- автомобилни сақлаш – ҳар бир сутка учун БҲМнинг 20 фоизи (82 минг 400 сўм);
- махсус транспорт воситаси билан эвакуация қилиш ва ташиш – ҳар бир километр учун БҲМнинг 20 фоизи (82 минг 400 сўм).
Шу билан бирга, автомобилни жарима майдончасига эвакуация қилишнинг умумий қиймати БҲМнинг тўрт бараваридан (1 млн 648 минг сўм) ошмаслиги керак.
Билдирилишича, ягона чекланган тарифларнинг жорий этилиши тизимни янада тушунарли ва шаффоф қилишга, фуқароларни асоссиз ҳисоб-китоблардан ҳимоялашга ва ортиқча тўловларга йўл қўймасликка имкон беради.
“Асосий мақсад – нафақат хизматлар нархини тартибга солиш, балки пойтахт кўчаларида тартибни таъминлашдир. Автомобиллар пиёдалар йўлакларини, ўтиш жойларини ва бошқа жамоат жойларини тўсиб қўймаслиги лозим”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, ҳозир эвакуация хизматларини турли компаниялар кўрсатади, тарифлар эса тартибга солинмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда Жиноят кодексида вояга етмаган шахсга транспорт воситасини бошқаришни, агар одам ўлими ёки жароҳатланиши билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган ҳолатда, автомобилни топширган шахсга жиноий жавобгарлик белгилаш таклиф қилинаётгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси