Шойгу Украинадаги ҳарбий операция қачон тугашини айтди
Олам
−
01 Март 2022
31182Россия армияси ўз мақсадларига эришгунга қадар Украинада махсус ҳарбий операцияни давом эттиради. Бу ҳақда Россия Федерацияси Мудофаа вазири, армия генерали Сергей Шойгу маълум қилган.
“Россия Федерацияси Қуролли Кучлари гуруҳи белгиланган мақсадларга эришилгунга қадар махсус ҳарбий операцияни давом эттиради”, дейди Шойгу бугун, 1 март куни бўлиб ўтган конференция чоғида.
Унинг қайд этишича, Россияни Ғарбнинг ҳарбий таҳдидидан ҳимоя қилиш Украинадаги махсус операциянинг асосий вазифасидир, дейди Мудофаа вазирлиги раҳбари.
“Биз учун асосийси Украина халқидан мамлакатимизга қарши курашда фойдаланишга уринаётган Ғарб давлатлари томонидан Россия Федерациясини ҳарбий таҳдиддан ҳимоя қилишдир”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, Украина ҳудудига қуролли ҳужум бошланган илк кунларда Президент Владимир Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков Россиянинг Украинадаги мақсади "расмий Киевнинг ҳарбий салоҳиятини йўқ қилиш" эканини айтганди. Орадан кўп ўтмай, мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захаров баёнот билан чиқиб, Россиянинг Украинадаги мақсади "қўғирчоқ режимни ўз жиноятлари, жумладан, Россия фуқароларига нисбатан жавобгарликка тортиш" эканини айтди.
Россиянинг Украинага босқини
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бунинг ортидан Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди.
Рус қўшинлари дастлаб Киев ва Харьковга ракета ҳужуми уюштирди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди. Шунингдек, расмий идора рус қўшинлари Харьков ва Одесса вилоятига кириб борганини билдирди.
Ҳужум бошланганидан кўп ўтмай, ЛХР Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Виталий Киселев Счастье ва Станица шаҳарчалари ЛХР назоратига ўтганини эълон қилди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь