Шойгу Россия Украинадаги урушни нега секинлаштираётганини очиқлади

Олам 26301
image
-

Украинадаги “махсус ҳарбий операция” пайтида ҳужумнинг секинлашиши онгли равишда қабул қилинган қарор бўлиб, бу тинч аҳоли ўртасидаги талафотларни минималлаштириш истаги билан боғлиқ. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу Тошкентда ўтаётган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига (ШҲТ) аъзо давлатлар Мудофаа вазирлари йиғилишида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, уруш даврида россиялик ҳарбийлар инсонпарварлик ҳуқуқи нормаларига қатъий риоя қилади.

“Зарбалар Украина Қуролли кучларининг ҳарбий инфратузилмаси – аэродромлар, қўмондонлик пунктлари, мустаҳкамланган ҳудудлар, ҳарбий-саноат комплекси объектлари ва омборларга юқори аниқликдаги қуроллар ёрдамида амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, тинч аҳоли орасида қурбонлар бўлмаслиги учун ҳамма нарса қилинмоқда. Албатта, бу ҳужум тезлигини пасайтиради, лекин биз буни онгли равишда амалга оширяпмиз”, дейди Шойгу.

Мудофаа вазирлиги раҳбари Россия ҳарбийлари босиб олинган ҳудудларда тинч ҳаёт ўрнатиш бўйича тизимли ишларни ташкил этганини айтган. 

“Биз гуманитар ёрдам кўрсатмоқдамиз, инфратузилма ва ҳаётни таъминлаш тизимларини тиклаяпмиз”, дейди у.

Шойгунинг иддао қилишича, "Украина ҳарбий тузилмалари куйдирилган тупроқ тактикасини қўллаб", террорчилар каби ҳаракат қилмоқда ва халқаро меъёрларни қўпол равишда бузмоқда.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Диёра Абдураҳмoнова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 87
Рейтинг: 3.1
t
×