Шойгу Луганскни эгаллаш тез орада тугашини эълон қилди
Олам
−
20 Май 2022
13100Украинанинг Луганск вилоятини Россия ҳарбийлари томонидан эгалланиши якунланмоқда. Бу ҳақда бугун, 20 май куни Россия Федерацияси Мудофаа вазири, армия генерали Сергей Шойгу ҳарбий идора коллегиясида айтиб ўтди.
“Россия қуролли кучлари гуруҳлари Луганск ва Донецк халқ республикалари халқ милицияси бўлинмалари билан биргаликда Донбасс ҳудудлари устидан назоратни кенгайтиришда давом этмоқда. Луганск Халқ Республикасини озод қилиш якунига етмоқда”, деган у.
Унинг сўзларига кўра, Украина Қуролли Кучлари рус қўшинларининг олдинга силжишини кечиктиришга уриниб, маҳаллий аҳолини шаҳар ва қишлоқлардан ташқарига чиқармаяпти ва улардан тирик қалқон сифатида фойдаланмоқда.
“Мағлубиятга учраган Киев режими баъзи соҳаларда ҳеч бўлмаганда қисқа муддатли муваффақиятларга эришишга интилмоқда ва уларни улкан қилиб кўрсатмоқда”, дейди вазир.
Қайд этилишича, “махсус ҳарбий операция” бошлангандан бери 1 миллион 377 мингдан ортиқ одам ДХР ва ЛХРнинг хавфли ҳудудларидан, шунингдек, Украинадан Россия Федерациясига эвакуация қилинган.
“Таъкидлашни истардимки, Россия қуролли кучлари тинч аҳоли ўлимига йўл қўймаслик учун ҳамма нарсани қилмоқда. Бунинг учун инсонпарварлик йўлаклари доимий равишда ишламоқда. “Махсус ҳарбий операция” бошлангандан бери Россияга халқ республикаларининг хавфли ҳудудлари, шунингдек, Украинадан 1 миллион 377 мингдан ортиқ одам эвакуация қилинди”, деган Шойгу.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси